Марказий ўқув режага асосланган таълимдан марказида ўқувчи турувчи таълим тизими сари

14:11 26 Ноябрь 2022 Жамият
550 0

«Босим остида болага таълим бериш унинг қувончу ҳавасларини

йўққа чиқаради ва уни танбалликка гирифтор этади»

Ибн Холдун

Президентимиз Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда таълим тизимини такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштириш масалаларига ҳар гал тўхталганида, аввало мактабларда ўқув юкламаси ва дарслар сонини қайта кўриб чиқиш, ўқувчиларни фақат ёдлашга эмас, балки фикрлашга чорлайдиган методикадан фойдаланиш зарурлигини таъкидламоқда. Куни кеча Давлатимиз раҳбари инсон қадр-қимматини юксалтиришга эътибор намунаси сифатида таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга тўхталиб ўтди. Жумладан, мактабларнинг бошланғич синф ўқувчилари учун Финляндиядан китоблар келтирилгани, пойтахтимизда Финляндиянинг олийгоҳи – Халқаро Нордик университети очилгани, фин эксперт-педагогларининг бизга яқиндан ҳамкор бўлаётганини эътироф этди. Эндиликда муаллимларни ҳам четда эмас, тажрибали фин устозларини таклиф этиб, ўзимизда ўқитилаётгани, бу саъй-ҳаракатлар 10 йилдан кейин қандай ижобий натижалар кўрсатишига урғу берди.

Халқаро Нордик университети рақобат эмас ҳамкорликни муваффақият калити, деб биладиган фин таълим тизимининг устувор жиҳатларини ўрганиш ва мамлакатимиз таълим муассасаларига татбиқ этишга ҳар жиҳатдан кўмаклашишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Хусусан, университет базасида финляндиялик экспертлардан семинар-тренинглар ташкил этишга эътибор қаратилмоқда.

26-27 ноябрь кунлари Халқаро Нордик университети, Лидер хусусий мактаби ва Зиё муаллим ўқитувчиларни ривожлантириш маркази ҳамкорлигида ўқитувчи-педагоглар учун семинар-тренинг ўтказилмоқда. Таълимда АКТни жорий этиш бўйича мутахассис, Финляндия мактабларида янги ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича 25 йиллик тажрибага эга спикер Петри Лоуранскорпи ва Финляндия ва Европада ўқитувчиларни қайта тайёрлаш ва таълимни ривожлантириш бўйича 25 йилдан ортиқ тажрибага эга ўқув дизайнери, таълим маслаҳатчиси Ҳанне Коли икки кун давомида педагогларга «Ўқувчиларга йўналтирилган таълим: ўқитувчиларнинг касбий маҳорати ва уни ривожлантиришнинг замонавий усуллари» мавзусида маҳорат дарслари ўтказадилар. Зеро, мамлакатимиз ўқитувчиларининг «марказий ўқув режага асосланган таълим»дан «марказида ўқувчи турувчи таълим тизими» сари ўтишларига услубий кўмак бериш ушбу тренингдан кўзланган мақсадлардан биридир.

Халқаро Нордик университети таълимга оид натижаларга асосланган дастурлар ва лойиҳаларни бошқаришда катта тажрибаларга эга экспертлар билан таълим сиёсати, халқаро ва миллий ислоҳотларни мувофиқлаштириш, истиқболли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш, самарали учрашувлар, семинар-тренинг ва стажировкалар ташкил қилиш борасида қатор келишувларга эришмоқда. Жумладан, жорий йилнинг ноябрь ойида Stokgolm университетидан таълим эксперти, Annica Kallebo таклиф этилиб, профессор-ўқитувчиларнинг малакаси оширилди. Ушбу эксперт билан глобал миқёсда истиқбол, эрта болалик таълими, эмпирик, методологик, концептуал тарзда таълим майдонларида тадқиқот ва амалиётларни ташкил этиш каби устувор жиҳатларда тажриба алмашилди.

Шунингдек, Финляндиянинг нуфузли делегация – машҳур Helsingin Suomalainen Yhteiskoulu қўшма таълим мактаби директори ва ўқувчиларининг юртимизга ташрифи ташкилланиб, қатор давлат ва нодавлат мактабларда учрашувлар ўтказилди. Бу ташриф фин ва ўзбек ёшлари учун янги билим ва тажрибалар, қадриятлар ва тенгдошлари билан фикр алмашиш каби жиҳатлари билан муҳим аҳамият касб этди. Ушбу ташриф нафақат Ўзбекистон-Финляндия таълим тажрибаларини алмашиш балки, келгусида ўзбек-фин мактаблари ўртасида ўқувчилар алмашинувини йўлга қўйишга ҳам хизмат қилади.

Университетга Финляндиялик профессор-ўқитувчи Tatyana Islamayeva таклиф этилиб, талаба-ёшларнинг ушбу бахтли инсонлар мамлакати ҳақидаги дунёқарашлари бойитилмоқда. Уларнинг билимлари фин тажрибалари асосида ошириб борилмоқда. Ушбу фин профессори билан пойтахтимиз ва водий вилоятлари мактабларида ҳам учрашувлар ташкил этилди. Туманлар ҳокимликлари масъуллари ва Халқ таълими бўлими мудирлари билан музокаралар ўтказилиб, Финляндия таълим моделини ҳудудлардаги таълим муассасаларига татбиқ этишга келишилди.

ХНУ келгусида ҳам юртимиз таълим тизими фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш ва ёшлар манфаатлари ҳамда таълим-тарбияси йўлида Финляндия таълим масъуллари билан ҳамкорлик алоқаларини изчил кенгайтириб боради. Ўзбекистон – Финляндия ва бошқа шимолий давлатлар ўртасида таълим, инновациялар, стартаплар, инвестициялар ҳамда тадқиқотлар соҳаларида ривожлантирувчи, ҳамкорликни мустаҳкамловчи платформа вазифасини бажаради.

                                  Шерзод Мустафакулов

Халқаро Нордик университети ректори, и.ф.д., профессор

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер