Марказий ҳарбий округ ҳудудида “Навоий вилояти тажрибаси”га оид янги тизим доирасида ёшлар учун илк бор ʼʼВатанпарварларʼʼ полигони барпо этилади (фото)

18:46 22 Февраль 2020 Жамият
1477 0

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Кеча, 21 февраль куни Навоий шаҳрида жойлашган Ёшлар марказида ўтказилган илмий-амалий конференцияда “Навоий вилояти тажрибаси”га оид янги тизим ва истиқболдаги режалар ҳақида сўз борди. Бу ҳақда Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати маълум қилди.

Дастлаб, ёшлар эътиборига Қуролли Кучлар куч тузилмалари билан ҳамкорликда қурол-аслаҳа ҳамда ҳарбий техникалар кўргазмаси намойиш этилди.

Фото: Ғайрат Мадраҳимов

Шундан сўнг, вилоят ҳокими Қобул Турсунов “Ёшларда ҳарбий ватанпарварлик руҳини шакллантириш: Муаммолар, ечимлар ва вазифалар” мавзусидаги илмий-амалий анжуманни очиб берди. Конференцияда Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Айбек Саидов ҳамда вилоят миқёсидаги соҳага алоқадор экспертлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари, олимлар ўз маърузалари билан қатнашди.

Фото: Ғайрат Мадраҳимов

Қисқа вақт ичида вилоятдаги мактабларда “Ватанпарварлар бурчаги” ташкил этилиб, муассасаларни ҳарбий қисм ва Мудофаа ишлар бўлимларига бириктирилади. Шунингдек, йигит-қизлар билан ҳарбийлашган мусобақаларни ташкил этиш, уларни она Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш мақсадида биринчи маротаба округ ҳудудида “Ватанпарварлар” полигони барпо этилади.

Фото: Ғайрат Мадраҳимов

Бундан ташқари, Хатирчи, Томди ва Конимех туманларида тарихий-ўлкашунослик музейи ташкил этилади. 6000 нафардан зиёд ёшлар учун янги иш ўринларини яратилади. Ватанпарварлик руҳидаги асарлар яратилиш учун кўрик-танловлар, ҳарбий ватанпарварлик фестиваллари ҳамда ҳарбийларни фарзандлари таҳсил олаётган мактабларда “Менинг дадам – Ватан ҳимоячиси!” мавзусида учрашувлар ўтказилади. МТМларда “Илк қадам” ўқув дастури ишга туширилади. Округ ҳудудидаги полигонларда эса жанговар ва тактик машғулотлар ўтказилиб, унда ёшларни иштироки таъминланади.

Кунни иккинчи ярмида анжуман иштирокчилари ёш тоифасига кўра гуруҳларга бўлиниб, машғулотларга жалб этилди.

Фото: Ғайрат Мадраҳимов

Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 10 январь куни Қуролли Кучлар академиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашининг навбатдаги йиғилишида ёшларни тарбиялаш борасида қўйилган вазифаларни ижроси юзасидан Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги ҳамда Навоий вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда “Йўл ҳаритаси” ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Фото: Ғайрат Мадраҳимов
Фото: Ғайрат Мадраҳимов

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?