Марказий ҳарбий клиник госпиталида 400 га яқин жарроҳлик амалиёти ўтказилди

18:51 17 Ноябрь 2022 Жамият
276 0

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Мудофаа вазирлиги ҳарбий тиббиёт мутахассислари томонидан ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари ҳамда аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар” мавзуида матбуот анжумани ташкил этилди.

Унда мудофаа вазирининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси — матбуот котиби полковник Отабек Юлдашев, Мудофаа вазирлиги Тиббий таъминот бошқармаси бошлиғи, тиббиёт фанлари бўйича фалсафа доктори тиббий хизмат полковниги Баҳодир Абдулахатов, Мудофаа вазирлиги Тиббий таъминот бошқармаси бошлиғи ўринбосари тиббий хизмат полковниги Абдуғани Юлдашев, Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий клиник госпитали бош отоларингологи тиббий хизмат полковниги Шуҳрат Қўчқоров спикер сифатида мавзу юзасидан олиб борилаётган ишлар ва эришилаётган натижалар ҳақида тегишли маълумотлар берди.

Шунингдек, республика ахборот агентликлари ва оммавий ахборот воситалари вакилларининг тиббий хизмат кўрсатишни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақидаги саволларига жавоб бердилар.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда ҳарбий хизмат нуфузини юксалтириш ва Қуролли Кучларимиз жанговар шайлигини янада ошириш мақсадида ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий ҳимояси масалалари билан боғлиқ кўплаб масалалар ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилинишини янада яхшилаш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Бу борада таъкидлаш лозимки, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари, фахрийларимиз ҳамда аҳолининг соғлиғини сақлаш ва мустаҳкамлаш, қўшинлар тиббий таъминотини ўз вақтида ва сифатли ташкиллаштириш миллий армиямизнинг жанговар салоҳиятини оширишда муҳим омил ҳисобланади.

Ана шу мақсадда Мудофаа вазирлигида малакали ҳарбий шифокорларни тайёрлаш, уларнинг маҳорати ва тажрибасини ошириш борасида кенг миқёсли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан:

— Марказий ҳарбий клиник госпитали ҳудудида замонавий даволаш-диагностика биносининг қурилиши якунланиб, юқори технологияларга асосланган тиббий аппаратлар билан таъминланди ва 1 августдан бошлаб тўлиқ фаолиятини бошлади;

— Нукус ҳарбий госпиталида даволаш-диагностика биноси реконструкция қилинди ва замонавий тиббий аппаратлар билан жиҳозланди ҳамда фойдаланишга топширилди;

— Қуролли Кучлар Ҳарбий тиббиёт академияси ва амбулатор-поликлиника маркази биноларини қуриш ишлари ҳамда Термиз ва Фарғона ҳарбий госпиталларида қурилиш, реконструкция ва капитал таъмирлаш ишлари давом этмоқда. Ўндан ортиқ ҳарбий қисмлар тиббиёт пунктлари янгидан барпо этилди;

— ҳарбий-тиббий муассасаларга 98 турдаги замонавий тиббиёт ускуналари сотиб олинди.

Ҳарбий госпиталлар фаолиятига юқори технологияларни татбиқ этиш натижасида 7 май куни Марказий ҳарбий клиник госпиталида илк бор академик В.Воҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган илмий-амалий хирургия тиббиёт маркази мутахассислари билан ҳамкорликда “буйракни кўчириб ўтказиш амалиёти” муваффақиятли амалга оширилди. Шунингдек, госпиталь мутахассислари томонидан 2 нафар беморда ишлаб турган юракда аорта-коронар шунтлаш юқори технологик жарроҳлик амалиёти ўтказилиб, уларнинг ҳаётини узайтиришга эришилди.

Тиббий кадрларнинг малакаси ва амалий кўникмаларини ошириш бўйича жорий йилда 237 нафар тиббиёт ходими республикамиз ва хориждаги (АҚШ, Россия, Германия, Корея каби) тиббиёт марказлари ва академияларида таҳсил олди. Бугунги кунда 4 нафар ҳарбий шифокор АҚШда малака оширмоқда.

Жорий йилнинг август ойида Марказий ҳарбий клиник госпиталида 10 нафар туркиялик, 2 нафар жанубий кореялик, октябрь ойида 3 нафар россиялик,
2 нафар ҳиндистонлик, ноябрь ойида 3 нафар германиялик ва 3 нафар ҳиндистонлик тиббиёт мутахассислари билан ҳамкорликда 400 га яқин, шу жумладан, юқори технологик жарроҳлик амалиёти ўтказилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер