Марказ ходимлари ва тингловчилари ўз биноларини сабрсизлик билан кутишмоқда. Бу муддат қачон келади? 

08:31 12 Март 2021 Жамият
181 0

Ўзбекистонда ёш авлодни баркамол вояга етказиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар таҳсинга сазовар. Хусусан, ёшларнинг маданий савиясини юксалтириш, уларни миллий ва умумбашарий қадриятларнинг энг яхши намуналаридан баҳраманд этиш, шу асосда маънавий етук шахсларни тарбиялаш, ёш истеъдод эгаларининг қобилияти ва салоҳиятини рўёбга чиқариш борасида кенг кўламли ишлар амалга ошириб келиняпти.

Бу борада маданият ва санъат муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, соҳа вакилларини қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишлар алоҳида аҳамият касб этмоқда. 

Маълумки, бугунги кунда Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус кенг амалга ошириб келинмоқда. 

Шундан Биринчи ташаббус ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини ошириш, истеъдодини юзага чиқаришга хизмат қиляпти. Бинобарин, давлат раҳбарининг тегишли фармон вақарорлари билан жойлардаги маданият марказлари, мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник базаси ва улардан фойдаланиш ҳолатини, фаолиятини яхшилаш масаласи алоҳида кўрсатилиб, шу бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган. Булар соҳада олий маълумотли кадрлар салмоғини кўпайтириш ва уларнинг малакасини мунтазам равишда ошириш йўналишини ҳам назарда тутади.

Президентнинг 2017 йил февраль ойидаги «Маданият ва спорт соҳасида бошқарув тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида», августдаги «Ўзбекистон давлат консерваторияси фаолиятини янада ривожлантириш ва такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» ҳамда «Маданият ва санъат ташкилотлари, ижодий уюшмалар ва оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада ривожлантириш, соҳа ходимлари меҳнатини рағбатлантириш бўйича қўшимча шароитлар яратишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорлари шулар жумласидандир, 

Булар эса нафақат маданият тизимини ривожлантириш, балки болалар мусиқа ва санъат мактаблари, мусиқага ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар ҳамда коллежлар ўқувчилари ва педагогларини ўқиш ва меҳнат фаолиятини яхшилаш, уларни ижтимоий ҳимоялаш ва таълим муассасаларини моддий-техник базасини такомиллаштиришга хизмат қилмоқда. 

Хусусан, давлат раҳбарининг тегишли қарори асосида Ўзбекистон давлат консерваторияси фаолиятини янада ривожлантириш ва такомиллаштириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди. Мусиқа соҳасида педагогик фаолият олиб бораётган зиёлиларнинг малакаларини мунтазам равишда ошириб бориш, бунинг учун шарт-шароитлар яратиб бериш масаласи шулар сирасидандир. 

Бинобарин, Президент қарорида Консерватория қошида мусиқа соҳаси педагогларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази ҳамда 400 ўринли ётоқхона биноларини қуриш ва жиҳозлаш, 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон давлат консерваторияси қошида мусиқа соҳаси педагогларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш Марказини ташкил этиш, шу мақсадда янги ўқув биноси ва тингловчилар учун турар жойи қуриш белгилаб берилди. 

Шу бўйича Ҳукумат томонидан 2019 йил 20 февралда қабул қилинган қарорга мувофиқ, Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳузурида мусиқа соҳаси педагогларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази ташкил этилди. Ҳозирги кунда Марказ ўз фаолиятини (бино қуриб битишига қадар) Ўзбекистон давлат консерваторияси биносида амалга оширмоқда. Марказ тингловчилари контингенти 20 минг нафар педагоги қамраб олади. Бу йилига 5 минг нафар мусиқа соҳаси педагоги малака оширишини назарда тутади. Бундан ташқари, марказда қайта тайёрлаш курсларида ўқиш истагини билдираётган педагоглар сони ҳам жуда кўп. 

Марказ учун қурилаётган бинолар 2020 йилда топширилиши белгиланган. Бироқ ҳозирги кунда марказни тўлақонли фаолият олиб боришига қатор омиллар салбий таъсир кўрсатмоқда. Жумладан, қурилаётган бинолар битириб топширилмагани(карантин муносабати билан), марказ ходимлари учун хоналар ва ўқув хоналарининг етишмаслиги малака ошириш ва қайта тайёрлаш жараёнларини замонавий талаблар асосида бажарилишига тўсиқ бўлмоқда. 

Шу билан бир қаторда маданият ва санъат соҳаси раҳбарлари, педагоглари ва мутахассисларини бошқаришда эскича усуллар сақланиб қолаётгани, муаммоларни ҳал этишда замонавий ёндашувнинг етишмаслиги, санъат ва маданият муассасаларининг фаолиятини ташкил этиш, аксарият жойларда маданият ва санъат масканларининг моддий-техник базаси бугунги кун талабларига жавоб бермаслигини қайд этиш зарур. 

Айниқса, соҳа учун юқори малакали кадрлар тайёрлашда мавжуд талаб ва эҳтиёжларни ҳисобга олмаслик, уларни қайта тайёрлаш, малакасини ошириш борасида пухта тизим яратилмагани маданият соҳасида ягона давлат сиёсатини самарали амалга ошириш, бу йўналишдаги устувор вазифаларни тўлиқ бажариш имконини бермаяпти. Маданият ва санъат соҳасидаги малака ошириш жараёнлари жаҳон андозаси даражасидаги, юксак ғоялар билан суғорилган, соҳанинг етук мутахассислари томонидан ташкил этилишини жуда ҳам хоҳлаймиз. Шу ўринда биз марказ ходимлари ва унинг йигирма мингдан зиёд тингловчилари Марказ учун қурилаётган биноларни битказиб топширилишини орзу қилиб, сабрсизлик билан кутмоқдамиз. 

Республикамизда ёшларга таълим-тарбия бериш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш борасида пухта тизим яратилмагани маданият соҳасида ягона давлат сиёсатини самарали олиб бориш, аҳолининг ўсиб бораётган маданий эҳтиёжларини қондириш ва маданий хизматлар сифатини кескин ошириш имконини бермаяпти. Ўз навбатида шундай савол туғилади: «Қачон Марказ биноси ўз тингловчиларига етказилади?»

Хулоса қилиб шуни айтмоқчимизки, чиқарилаётган ҳар бир Фармон ва қарорлар пухта ўйланган, соҳа мутахассислари фикрларини чуқур ўрганилган ҳамда келажакни кўзлаган ҳолда қабул қилинади. Бу, авваламбор, Президентимизнинг маданият ва санъат соҳасини жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш йўлидаги юксак ишлари маҳсулидир. 

Давлат раҳбари ташаббуси билан қурилаётган бинолар тез кунда ўз эгаларига етказилади, деб умид қиламиз. Ва ниҳоят, мусиқа соҳаси педагоглари (турли вилоятлардан келиб таҳсил оладиганларимиз жуда кўп, улар ётоқхона билан таъминланадилар) кенг, ёруғ, шинам ва илғор технологиялар билан жиҳозланган бинода таҳсил оишади, ётоқхонадан фойдаланадилар. Бу эса улар томонидан ёш авлодга билимларни миллий қадриятлар ҳамда халқаро талабларга уйғун тарзда етказиб берилиши сифатини янада оширади.

Дилдора Саипова,
Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳузуридаги
Мусиқа соҳаси педагогларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази директори

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер