Марҳамат маҳаллалари янги қиёфада

17:27 18 Октябр 2022 Жамият
412 0

Фото: Халқ сўзи

Андижон вилоятининг Марҳамат тумани қўшни Қирғизистон билан чегарадош. Унинг 14 маҳалласи республикамизнинг энг чекка ҳудудларидан саналади. Табиати сўлим, хушманзара бу маҳаллаларда сўнгги уч йилда кенг қулоч ёзган бунёдкорлик ишлари марҳаматликларнинг турмуш шароитида, орзу-мақсадларида янги саҳифа очди, десак янглишмаймиз.

Йил охирига қадар таъмирталаб йўл қолмайди

Марҳамат туман ҳокими ўринбосари Дилхуш Исмоиловнинг айтишича, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда, энг аввало, йўлсозлик соҳасига устувор эътибор қаратилмоқда. «Зотан, ҳар қандай ободлик йўл таъмиридан бошланади», дейди у биз билан суҳбатда.

Шундай қилиб, ҳозирга қадар тумандаги 11 маҳалла фуқаролар йиғинида жами 31,2 км масофадаги ички йўллар шағалланиб, 6,82 км кўчаларни бетонлаш ишлари амалга оширилди. Йил якунига бориб, барча ички йўллар асфальт ҳамда бетон қоришмаси билан қопланади. Чанг, лой ва шағал йўллар энди тарихда қолади.

— Бу каби равон йўлларни телевизорларда кўрардим,-дейди Увайсий номидаги МФЙда истиқомат қилувчи Ойшахон Тўраева. — Тўғриси, абгор йўлларда юришга ҳам ўрганиб қолганимиздан асфальт йўлни умид ҳам қилмай қўйгандик. Шукр, ҳокимият вакиллари маҳалламизда бўлиб, турмуш шароитимизни ўрганишгач, катта ўзгаришлар рўй берди. Электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви таъминотидаги узилишлар тўхтади. Маҳалламизнинг ўзида 10 кмдан ортиқ ички йўл қайта таъмирланди.

Чиндан ҳам Марҳаматда йўллардаги носозликларга, ҳайдовчи ва пиёдалар ҳаракатланишидаги ноқулайликларига барҳам бериш борасида қилинаётган ишлар эътирофга лойиқ. Асакадан Марҳамат тумани сари отланаркансиз, кенг, текис, равон йўлдан ҳар қандай автоуловда «ичингиз тўкилмай» етиб оласиз.

— Булоқбоши туманини Марҳамат билан боғлаб турувчи «Ўқчи» МФЙдан ўтувчи автомобиль йўлидан бир кунда бир неча маротаба қатнайман, —дейди ҳайдовчи Султонмурод Ҳайдаров. — Авваллари таъмирталаб йўлдан оҳиста ҳаракатланганимиз учун манзилга бироз кечикиб келардик. Ҳозир йўл сифатли. Туман марказларидан ошиниб, чекка маҳаллаларга ҳам эътибор қаратила бошланганидан хурсандмиз!

Туманда жорий йилнинг ўзида «Шаҳрихон-Асака-Марҳамат-Қизилқия», «Марғилон-Қува-Марҳамат-Аравон», «Хўжаобод-Булоқбоши-Кулла-Ўқчи» автомобиль йўналишларида жами 7,5 км масофада жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Бунинг эвазига нафақат марказий, балки ҳудудлараро ёндош ички ҳаракатланувдаги йўллар ҳам соз ҳолатга келтирилди.

Ҳар бир хонадонга тоза ичимлик суви кириб келди

Марҳамат тумани Андижон вилоятида тоза ичимлик суви таъминоти бўйича энг оғир ҳудудлардан бири бўлган. Лекин энди бунинг тамомила аксидир. Жорий йилнинг ўзида туман маҳаллаларида 40,52 км ичимлик сув тармоғи тортилиб, 8 та сув қудуғини қуриш ишлари бажарилди.

— Бунинг натижасида сув таъминотида узоқ йиллардан буён тўпланиб қолган муаммолар ижобий ечим топди, — дейди «Андижон сув таъминоти» МЧЖ Марҳамат туман филиали раҳбари Хайрулло Ашуров. — Жумладан, «Кончилар», Увайсий, «Оқбош», «Янги ҳаёт» каби маҳаллаларда сув таъминоти барқарорлашди. Ҳозирда «Янги ҳаёт» МФЙда сув тозалаш иншооти барпо этилмоқда. Лойиҳа фойдаланишга топширилгач, тумандаги ичимлик суви таъминоти янада ортади.

Шунингдек, ҳудудда 45,587 млрд. сўмлик лойиҳа асосида шу кунгача 18,5 км масофага оқова сув тармоғи тортилди.

«Зангори олов»дан кўнгиллар ҳам илий бошлади

Куз-қиш фасли яқинлашгани сари аксар марҳаматликларни бир ташвиш қийнарди. У ҳам бўлса, табиий газ таъминотидаги узилишлардир. Бу узилишларни бартараф этиш мақсадида 1,2 км газ тармоғида таъмирлаш ишлари бажарилиб, 11 дона газ тарқатиш қурилмаси мавсумга шай ҳолатга келтирилди.

— Тўғри, туманимиздаги барча хонадон ҳам табиий газ таъминотидан баҳраманд эмас, — дейди Марҳамат туман ҳокими ўринбосари Дилхуш Исмоилов. — Ана шундай 335 хонадонга янги маиший газ баллонлари тарқатилди. Қишда маҳаллаларимиздаги ҳар бир хонадонда «зангори олов» ёниб туриши, одамлар, айниқса, кексалар ва болалар қийналмаслиги учун барча чораларни кўрмоқдамиз.

«Тунларимиз кундек чароғон!»

Бугун туманнинг қай манзилида бўлманг, одамшаванда марҳаматликларнинг ғурурланиб айтадиган бу сўзларида заррача муболаға йўқ.

— Электр таъминотидаги узилишлар кимни ранжитмаган, дейсиз, — дейди «Кончилар» МФЙда яшовчи Одил Сулаймонов. — Салгина шамол эсса, тамом, уйда чироқ ўчарди. Айниқса, оила жам бўлиб, энди кечки овқатга қўл чўзишинг билан «лип» этиб чироқ ўчса, қалбинг ҳам қоп-қоронғу бўлиб қоларди. Энди эса тунларимиз ҳам кундуздек чароғон. Болалар бемалол свет ёруғида дарс қилишади, китоб ўқишади. Аёлларимизнинг ҳам рўзғор юмушлари енгиллашган. «Мана, бўларканку!» деймиз свет ўчмаётганини кўриб. Одамларни рози қилиш йўлидаги бу каби хайрли ишларни, ён-атрофимиздаги ўзгаришларни кўриб, янада қувонамиз.

Маълумотларга кўра, Марҳамат тумани маҳаллаларида ўтган даврда 33,7 км электр тармоғи тортилиб, 500 дан ортиқ темир бетонлар ўрнатилди. 31 та янги трансформатор ўрнатиш ҳамда таъмирлаш ишлари бажарилди.

Бугина эмас, туманда ижтимоий соҳа инфратузилмасини яхшилаш, алоқа сифатини ошириш, аҳолини уй-жой билан таъминлаш, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини рўёбга чиқариш йўлида ҳам изчил ишлар амалга оширилмоқдаки, бу энди алоҳида мавзу.

Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер