Марғилонда «Санъаткорлар хиёбони» бунёд этилди
Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Хотира ва Қадрлаш куни арафасида Марғилон шаҳридаги «Ижодкорлар боғи»да барпо этилган «Санъаткорлар хиёбони» тантанали равишда очилди.
Тадбирда Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров, вилоят фаоллари, ижодкорлар, нуронийлар, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда ёш авлод вакиллари иштирок этди.
Марғилон азалдан санъат ва маданиятнинг бой ўчоғи ҳисобланади. Бугунги кунда шаҳарда кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Жумладан, «Янги Ўзбекистон» массивида Бурҳониддин Марғиноний номидаги халқаро илмий-амалий мажмуа, туризм маркази, «Отабек ва Кумуш уйи» каби лойиҳалар рўёбга чиқмоқда.

Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган «Ижодкорлар боғи»да барпо этилган «Санъаткорлар хиёбони» эса ўзбек санъати ривожига улкан ҳисса қўшган улуғ ижодкорларга бўлган юксак ҳурмат ва эҳтиромнинг ёрқин ифодасидир.
Шодиёна тадбирида миллий санъатимиз фидоийлари Юсуфжон қизиқ Шакаржонов, Уста Олим Комилов, Муҳиддин Қориёқубов, Тамарахоним, Ҳалима Носирова, Мукаррама Турғунбоева, Жўрахон Султонов, Маъмуржон Узоқов, Наби Раҳимов, Ҳамза Умаров, Муроджон Аҳмедов, Таваккал Қодиров, Берта Давидова, Гавҳар Раҳимова каби санъат арбобларининг номи ардоқланди.

— Халқимиз ардоғидаги бу устозлар ҳаёти ва ижоди мангуликка дахлдор, — дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли сўз устаси Ҳотамжон Ҳакимжонов. — Бугун уларнинг миннатдор руҳи шод бўлди. Ишонамизки, бу қутлуғ маскан келгусида санъат ва маданиятимиз ихлосмандлари, умуман олганда, халқимизнинг севимли гўшасига айланади.
Тадбир доирасида рамзий тасма кесилди. Меҳмонлар янги хиёбон ва унда ўрнатилган санъаткорлар бюстлари билан танишди. Шу билан бирга, санъат усталари ҳаёти ва ижоди ҳақида маълумотлар берилди, ёш ижодкорлар томонидан театрлаштирилган бадиий чиқишлар намойиш этилди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- «Олтин куз» II Халқаро камер ва симфоник мусиқа фестивали бўлиб ўтади
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг