Марғилонда 2 та янги ОТМ ташкил этилади

17:21 06 Январь 2021 Жамият
958 0

Давлат раҳбарининг 2020 йил Фарғона вилоятига ташрифлари давомида Марғилон шаҳрида хорижий давлатлар таълим муассасалари филиалларини ташкил этиш топшириғи берилган эди. Мутасадди идораларнинг топшириқ ижроси юзасидан олиб борган саъй-ҳаракатлари натижаси билан жорий йил шаҳарда 2 та янги хорижий университетлар филиаллари ташкил этилиши кутилмоқда.

Хусусан, аввал хабар берганимиздек, вилоят ҳокимлиги томонидан ажратилган маблағлар ҳисобига бошланган шаҳардаги собиқ академик лицей биносини таъмирлаш ишлари  ҳозирда 70-80 фоизга бажарилган. Ушбу бинода хорижий университет фаолиятини янги ўқув йилидан бошлаш мақсадида Туркиянинг Бурса Улудағ ҳамда АҚШнинг Webster университетлари билан музокаралар олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, Марғилон Туризм ва сервис коллежи негизида ҳам туризм соҳасидаги олий таълим муассасаси ташкил этиш бўйича ҳам ишлар бошлаб юборилган. Жумладан, коллеж биносини таъмирлаш ишлари 2019 йил 28 декабрдаги Президент қарори билан тасдиқланган 2021 йил марказлашган инвестиция дастурига киритилибди ҳамда унга кўра таъмирлаш ишлари учун 5 млрд.сўм маблағ ажратилиши белгиланган. Жорий йил I чорагида қурилиш ишлари бошланиши кутилмоқда.

Мазкур бинода хорижий университет филиалини ташкил этиш мақсадида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан Туркиянинг «Хожи Байрам Вали» университети билан дастлабки музокаралар ўтказилган ҳамда ҳар икки томон лойиҳани амалга ошириш бўйича ўзаро келишувга эришган. Ҳозирда Туркия Олий таълим кенгашининг хулосаси кутилмоқда. Барча музокаралар ижобий якунланган тақдирда бу университет фаолияти ҳам 2021-2022 ўқув йилидан йўлга қўйилиши мумкин.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?