Вилоят ҳокими Маънавият фестивалида тарғиботчиларга дўппи совға қилди

15:57 24 Июнь 2021 Маданият
1078 0

Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев Гулистон шаҳридаги Алишер Навоий номли «Билимдонлар масканида» пойтахт ва республикамизнинг турли ҳудудларидан келган маънавият тарғиботчилари — адабиёт, санъат, маданият вакилларига ўзбекона туҳфа — дўппи ҳам совға қилди.

Ховос туманидаги 14-болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиси Беҳрўз Раҳматуллаев эса эксклюзив равишда «Билимдонлар маскани» ҳовлисидаги фонус устунида қўниб турган қушнинг суратини чизди. Ҳайратланарлиси, парранда фестиваль иштирокчилари ушбу расмни томоша қилиб турган паллада ҳам чироқ устида эди.

Ўзбекистон халқ артисти Гавҳар Зокирова ёши улуғ бўлсада, саҳнага югуриб чиқди ва тушди! Машҳур актриса Алишер Навоийнинг барча замонларда ҳам ўлмас, чуқур моҳиятли рубоийларини унинг сиймосига юзланган ҳолда қўлини кўксига қўйиб ўқигани барчага ҳам маънавий озуқа улашди, ҳам ўзбекона тарбиянинг бетакрор қадриятларидан биридан ибрат намунаси бўлди.

Ҳа, Сирдарёда Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг ўттиз йиллиги муносабати билан «Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!» деган эзгу ғоя асосида ўтказилган «Маънавият фестивали» ана шундай халқона қадриятлар ва ноодатий, аммо табиий ижодий ёндашувлар намойиши сифатида ҳам эсда қоларли бўлди. Умуман олганда уч кун давом этган фестиваль эскича форматлардан ҳоли, халққа яқин шакл-шамойилда ташкил этилгани унга ўзгача шукуҳ бахш этди. Айниқса, тадбирнинг юқорида мисоллар келтирганимиз, якуний – «Билимдонлар маскани»да бўлиб ўтган «Назм ва наво кечаси» янада тароватли бўлди. Унинг очиқ осмон остида ташкил этилгани гулистонликлар ва шаҳар меҳмонлари, ҳамма учун, мусиқа ва назм сеҳридан баҳраманд бўлишига шароит яратди.

— Фестиваль кунлари Сирдарёнинг кўп жойларида бўлдик, — дейди Қорақалпоғистон Республикасидан келган бахши-хонанда Махсума Умрбекова. — Ҳамма шаҳар-қишлоқларда томошабинлар шеригим Жузумгул Каримбергенова билан чиқишларимизни олқишлар билан кутиб олди. Халқимизнинг санъатсеварлиги бизни янада жўшиб ижод қилишга илҳомлантирди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 майдаги «Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ҳамда 2021 йил 26 мартдаги «Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилган ушбу фестиваль доирасида «Ҳар бир нуроний – беш нафар ёшга мураббий», «Бир зиёли – бир маҳаллага маънавий ҳомий» тамойили асосида амалий семинарлар, давра суҳбатлари ўтказилди ва маънавий-маърифий йўналишдаги яна кўплаб лойиҳалар амалга оширилди .

Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ,
"Халқ сўз"

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?