Маъмурий судлар ваколати жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилмоқда

16:33 14 Ноябрь 2022 Сиёсат
641 0

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлиси олдидан Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди.

Унда «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги Қонун, «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2022 йил 9 ойи якуни юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосарини сайлаш тўғрисидаги масала дастлабки тарзда кўриб чиқилди.

Мажлисда дастлаб «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги Қонун муҳокама қилинди.

Қайд этилишича, бугунги кунда ички ишлар органларининг муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги илтимосномаларига доир ишлар туманлараро маъмурий судлар томонидан кўриб чиқилаётган бўлиб, республика бўйича судлар томонидан кўриб чиқилган шу турдаги ишлар охирги уч йилда йилига 8-9 мингтани ташкил этмоқда.

Муҳокама давомида сенаторлар томонидан ҳозирда муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш фуқароларни сарсончиликларига олиб келаётганлиги, шу билан бирга, ушбу тоифадаги ишларга масъул бўлган ички ишлар органларига бир қатор қийинчиликлар туғдираётганлиги қайд этилди.

Яъни, туманлараро маъмурий судларнинг фақат вилоят марказларида жойлашганлиги ва баъзи ҳудудларнинг марказдан узоқлиги, ички ишлар органлари ходимининг мазкур иш билан шуғулланиши давомида хизмат жойи узоқ муддат бўш қолишига сабаб бўлмоқда.

Шу боис, ушбу Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексларига тегишли қўшимча ва ўзгартишлар киритиш орқали муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш билан боғлиқ ишларни туманлараро маъмурий судлар ваколатидан жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларига берилаётганлиги қайд этилди.

Сенаторлар Қонуннинг қабул қилиниши ички ишлар органларининг муайян яшаш жойи бўлмаган шахсларни ушлаб туриш ва реабилитация қилишга қаратилган фаолиятининг самарадорлиги ошишига ҳамда фуқароларнинг ортиқча оворагарчиликларига чек қўйилиши ва моддий ресурсларнинг тежалишига олиб келишини таъкидладилар.

Шунингдек, мажлисда «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг 2022 йил 9 ойи якуни юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи дастлабки тарзда муҳокама қилинди.

Муҳокамада сенаторлар томонидан Давлат дастурининг I ва II йўналишларига алоҳида эътибор берилиб, дастурнинг бажарилмаётган 24 та банди ижроси таҳлил қилинди.

Хусусан, жамият ривожланишида муҳим бўлган масалалар, яъни маҳалладан туриб, аҳолининг давлат органлари ва ташкилотларига мурожаат қилиш тизимини ташкил этиш, давлат хизматида коррупция омилларини бартараф этиш, кадрларни танлов асосида ишга қабул қилиш ва улар фаолияти самарадорлигини холисона баҳолашнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш каби масалаларга эътибор қаратилди.

Мажлис якунида Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер