Маъмурий суд иш юритуви халқаро стандартларга мувофиқ такомиллаштирилади

19:32 26 Сентябр 2022 Жамият
696 0

Жорий йилнинг 26 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда фракция аъзолари “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш бўйича қўшимча чоралар кўрилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқдилар.

Йиғилишда қайд этилганидек, қонун лойиҳаси давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг маъмурий судлар томонидан самарали ҳимоя этилишини таъминлашга ҳамда маъмурий суд ишларини юритишни халқаро стандартлардан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш орқали маъмурий судларни фуқароларнинг ҳақиқий ҳимоячисига айлантиришга қаратилган.

Ушбу ҳужжжат билан судлар тизимида “ягона дарча” тамойилини кенг жорий этиш, жумладан судлар томонидан даъво аризаси, ариза ҳамда шикоятни судга тааллуқли бўлмаганлиги сабабли қабул қилишни рад этиш ёки иш бўйича иш юритишни тугатишни тақиқлаш, бунда даъво аризаси, ариза, шикоят ёки ишни уларни кўриб чиқишга ваколатли судга ўтказиш белгиланмоқда.

Қонун лойиҳасидаги нормалар давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлашга, маъмурий суд иш юритувини халқаро стандартларга мувофиқ такомиллаштиришга ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада оширишга хизмат қилади.

Қизғин муҳокама қилинган мазкур ҳужжат юзасидан электорат манфаатларини кўзлаб кўплаб саволлар берилди. Депутатлар қонун лойиҳаси давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш, аҳолининг судларга бўлган ишончини янада оширишга хизмат қилишини таъкидлаб, уни маъқулладилар.

Фракция йиғилишида кун тартибидаги масалалар атрофлича кўриб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?