Маъмурий одил судловнинг янги концепцияси — ҳуқуқий давлат пойдевори
Маъмурий одил судлов давлат органлари билан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ўртасида оммавий-ҳуқуқий муносабатлардаги муаммоларни самарали ҳал қилишга қаратилган энг муҳим институтлардан бири бўлиб, Ўзбекистонда унинг ривожи охирги йилларда маъмурий судлар тизимининг жорий этилиши билан янги босқичга кўтарилди.
Бироқ тан олиш керакки, маъмурий одил судловнинг юртимизда ривожи бунга қадар жуда муаммоли ва паст даражада бўлган. Совет даврида маъмурий одил судлов ёки маъмурий суд иш юритувининг ҳуқуқий тавсифи маъмурий юстиция тушунчаси асосида тушунилган бўлиб, узоқ пайт давомида рад этилганини таъкидлаш ўринли.
Маъмурий юстиция ёки маъмурий одил судловнинг совет даврида рад этилишига сабаб бўлган асосий омиллардан бири, бу — давлат органлари ва фуқаролар ўртасидаги манфаатлар юзасидан низо ёки келишмовчилик бўлиши социалистик мафкурага зид, деб қаралган. Бироқ бундай қарашнинг нотўғри эканлиги тарихий ривожланиш давомида ўз исботини топди дейиш мумкин.
Ўзбекистон мустақилликка эришгач, 1992 йил 8 декабрда Конституциянинг 44-моддасида ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланиши мустаҳкамлаб қўйилди.
Президентимизнинг мустаҳкам сиёсий иродаси ва ташаббуси билан 2017 йилдан бошлаб Ўзбекистонда маъмурий одил судловни ривожланишида мазмун ва сифат жиҳатдан мутлақо янги давр бошланди.
Маъмурий одил судлов тизимининг мамлакатимиз ривожида давлатимиз раҳбарининг “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони, “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Амалга оширилган ислоҳотларга кўра, маъмурий судлар ваколатидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриш олиб ташлангани, маъмурий судлар умумий юрисдикция судларидан алоҳида тарзда сақлаб қолингани, маъмурий судлар томонидан кўриб чиқилган 120 мингга яқин ариза ва шикоятларнинг 57 фоизи қаноатлантирилиб, маъмурий судлар зиммасига шикоятларни кўриб чиқишда “фаол иштирок этиш” тамойили асосида низони тўғри ҳал қилиш учун далилларни мустақил йиғиш мажбурияти юклангани, суд қарори ижросини таъминламаган мансабдор шахсларга жарима қўллаш ваколати берилгани, судга тааллуқлилик масаласидаги ўзгаришлар маъмурий одил судлов ривожида жуда катта қадамлар бўлди.
Шуни таъкидлаш лозимки, 2023 йил 30 апрелда умумхалқ референдуми асосида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг янги Конституцияси маъмурий одил судлов ривожини мутлақо янги босқичга олиб чиқиш зарурати мавжудлигини кўрсатди. Хусусан, Конституция 1-моддасига кўра Ўзбекистон ҳуқуқий давлатга асосланиши ҳамда 55-моддасида янги мазмун касб этган ҳар кимга судга мурожаат имконияти (access to justice)ни кенгайтириш мустаҳкамлаб қўйилди.
Шундай бўлса-да, бугунги кунда маъмурий судлар фаолиятига илғор хорижий тажрибада ўзини оқлаган институт ва тартибларни кенг қўллаш орқали фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда ушбу судларнинг ролини ошириш, шу жумладан, давлат органи ҳужжатига ишониб фаолият юритган фуқаро ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг ҳимоясини қўшимча равишда кучайтириш зарурати вужудга келмоқда.
Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг самарали ҳамда ишончли ҳимоя этилишини таъминлаш ва маъмурий суд ишларини юритишни халқаро стандартлардан келиб чиқиб мазкур соҳани сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш орқали янада такомиллаштириш мақсадида Президентимизнинг 2025 йил 30 январдаги “Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг замонавий механизмларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Мазкур қарорга кўра, Ўзбекистон Республикасида маъмурий судлар фаолиятини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:
— давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг ишончли ва самарали ҳимоя этилишини устувор равишда таъминлаш;
— фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини тиклашда суднинг фаол иштироки принципини қўллаш механизмларини кенгайтириш;
— давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш;
— маъмурий суд ишларини юритишда низоларни судгача ҳал қилиш механизмларини такомиллаштириш;
— фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда маъмурий судларнинг ролини кучайтириш орқали аҳолининг суд тизимига бўлган ишончини янада ошириш;
— давлат органлари томонидан суд қарорлари ижро этилиши устидан назоратнинг таъсирчан механизмларини тўлиқ жорий этиш;
— маъмурий юстиция тизими ривожланган давлатлар тажрибаси асосида маъмурий судлар фаолиятини такомиллаштириб бориш.
Бугунги кунда маъмурий суд ишларини олиб бориш сифатига жиддий таъсир ўтказаётган айрим муаммолар ечими ҳам ушбу қарори билан келтириб ўтилмоқда. Жумладан, айрим ҳолларда жавобгар томондан иштирок этадиган давлат органи вакили иштирок этмаслиги юзасидан қарори, ҳаракати (ҳаракатсизлик) устидан шикоят қилинаётган давлат органи мансабдор шахси ёки унинг вакили суд мажлисида мажбурий иштирок этишини таъминлаш, судга мурожаат қилиш муддатларига риоя этилиши, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатлар ҳимоясини кучайтиришга қаратилган ишончнинг ҳимоя қилиниши принципини маъмурий суд иш юритувида татбиқ этилишини кенгайтириш кабилар шулар жумласидандир.
Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектларининг вақт ва маблағ билан боғлиқ ортиқча харажатларини қисқартириш мақсадида 2025 йил 1 майдан бошлаб тадбиркорлик субъекти томонидан тан олинган солиққа оид ҳуқуқбузарликлар бўйича солиқ органи томонидан ушбу тадбиркорлик субъектининг банклардаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб қўйиш тартибини ҳамда 2025 йил 1 июнга қадар назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари тан олган ҳуқуқбузарликлар бўйича молиявий жарималарни қўллаш (бундан солиққа оид ҳуқуқбузарликлар бўйича жарима қўллаш мустасно)га оид қоидаларни жорий этиш назарда тутилмоқда.
Мазкур қарор билан маъмурий суд иш юритувига халқаро стандартларга ва илғор хорижий тажрибага мувофиқ, оммавий-ҳуқуқий муносабатлар соҳасида фуқаролар ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини таъминлаш бўйича ўзини оқлаган янги институт ва тартибларни имплементация қилиш бўйича ишларни давом эттириш назарда тутилган.
Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда бугунга қадар маъмурий одил судлов сифатига салбий таъсир кўрсатаётган жиддий омиллардан бири сифатида маъмурий даъво ва маъмурий акт институтларининг тан олинмаётгани муаммосига ҳам ушбу қарор билан ечим таклиф қилинмоқда.
Жумладан, маъмурий суд ишларини юритишга маъмурий даъво институтини киритиб, даъво турларини аниқ белгилаш (ҳақиқий эмас деб топиш, бекор қилиш, маъмурий ҳужжатни қабул қилиш мажбуриятини юклаш, муайян ҳаракатларни бажариш ёки бажаришдан тийилиш мажбуриятини юклаш, тан олиш ҳақидаги даъволар), даъво турлари бўйича маъмурий иш юритишнинг алоҳида тартиблари, жумладан, мурожаат қилувчи шахслар доираси, мурожаат қилиш муддатлари, исботлаш мажбуриятлари, суд ҳужжатлари устидан шикоят қилиш ва уларни ижро этишнинг процессуал қоидаларини белгилаш, маъмурий органлар ва улар мансабдор шахсларининг қарорига оид қоидаларда халқаро стандартлардан келиб чиқиб, маъмурий акт концепцияси қоидаларини қўллаш амалиётини жорий этиш мамлакатимиз қонунчилигига илк маротаба киритилмоқда.
Бу, ўз навбатида, аризачи бўлмиш фуқаро ва тадбиркорлик субъектини шунчаки шикоят қилувчи мақомидан судга даъво қилиш орқали давлат органидан муайян муаммо ечимини талаб қилиш мақомига ўтишини таъминлаб берадиган концептуал ўзгариш бўлиб ҳисобланади.
Айтиш мумкинки, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг замонавий механизмларини жорий этишга қаратилган мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини оширишга хизмат қилади.
Шу билан бирга, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгиланган мақсадларнинг самарадорлик кўрсаткичларига эришиш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда маъмурий судларнинг ролини кучайтириш орқали аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш, оммавий-ҳуқуқий муносабатлар иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишга тўсқинлик қилувчи қонунчиликдаги ҳуқуқий бўшлиқлар ва коллизияларни бартараф этиш, маъмурий суд ишларини юритишни халқаро стандартларга мувофиқ такомиллаштириш, одил судловга оид халқаро рейтинг ва индексларда мамлакатимиз ўрнини яхшилаш имконини беради.
Жўрабек НЕЪМАТОВ,
Тошкент давлат юридик университети
Маъмурий ва молия ҳуқуқи кафедраси профессори,
юридик фанлар доктори.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нодирбек Абдусатторов Прагадаги шахмат фестивалида чемпионликни қўлга киритди
- Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Prix Versailles талқинига кўра 2026 йилнинг дунёдаги энг гўзал музейлари рўйхатига киритилди
- Матчанов Умирзак Сеитжановичнинг иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси эълони
- Эндиликда йўловчи божхона декларациясини мобил илова орқали электрон шаклда топшириш мумкин
- Яқин Шарқдаги кескинликнинг нархи: АҚШ, Исроил ҳамда Эрон уруш учун қанча сарфлаяпти?
- Эроннинг ҳужум салоҳияти 50 фоизга қисқарди – АҚШ сенатори
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг