«Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар мисли кўрилмаган даражага кўтарилди» — В. Матвиенко

19:27 25 Ноябрь 2021 Сиёсат
375 0

Фото: Олий Мажлис Сенати

2021 йил 25 ноябрь куни мамлакатимиз парламент делегациясининг Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтаётган МДҲ Парламентлараро ассамблеясининг навбатдаги ялпи мажлисида иштироки доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Т. Норбоеванинг Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши Раиси В. Матвиенко билан учрашуви бўлиб ўтди.

В. Матвиенко Ўзбекистонда мамлакат Президенти Ш. Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар, шунингдек, жорий йилнинг 24 октябрь куни бўлиб ўтган Президент сайловини юқори баҳолади.

— Икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар ўзаро ишончга эга бўлиб, улар Россия – Ўзбекистон ҳамкорлиги кун тартибини белгилаб беради. Шунингдек, давлатларимиз раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари туфайли мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар мисли кўрилмаган даражага кўтарилди, — деди В. Матвиенко. — Ҳамкорлигимиз иқтисодий, гуманитар ва бошқа соҳаларда муваффақиятли ривожланмоқда. Ўзбекистон Президенти парламент ҳамкорлигини ривожлантиришга катта эътибор қаратмоқда. Юксак «Дўстлик» ордени учун яна бир бор миннатдорлик билдираман.

Учрашувда Ўзбекистон — Россия ҳамкорлигини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари Ш. Мирзиёевнинг қайта сайланганидан сўнг Россия Федерациясига амалга оширган ташрифи икки томонлама муносабатларнинг ўзига хос хусусиятини яна бир бор тасдиқлайди.

— Ташриф чоғида давлат раҳбарлари Ўзбекистон — Россия парламентлараро ҳамкорлигини янада ривожлантириш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратди. Мамлакатларимиз раҳбарларининг юксак баҳоси барча соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш учун барчамизга янада катта масъулият юклайди, — деб таъкидлади Т. Норбоева. — Эришилган келишувларни сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш устувор вазифа ҳисобланади.

Мулоқотда мазкур халқаро ташкилот доирасидаги ҳамкорлик масалалари ҳам муҳокама қилинди. Томонлар Тошкентда бўлиб ўтган Федерация Кенгаши ва Олий Мажлис Сенати ўртасидаги ҳамкорлик бўйича Парламентлараро комиссиянинг олтинчи мажлиси иши якунларини юқори баҳолади.

Танзила Норбоева парламентлараро ҳамкорликнинг янги йўналишларини ривожлантириш мақсадида Валентина Матвиенкони Ўзбекистонга ташриф билан келишга таклиф қилди.

Шунингдек, Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари, жумладан, янги коронавирус инфекциясига қарши биргаликда курашиш юзасидан фикр алмашилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?