Мамлакатимизда футболни ривожлантириш учун солиқ имтиёзлари жорий этилади
Фото: «Халқ сўзи»
Сенатнинг қирқ биринчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 483-моддасига қўшимча киритиш тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.
Кейинги йилларда мамлакатимизда ёшларни футболга кенг жалб этиш, футбол соҳасида халқаро талаблар ва стандартлар асосида иқтидорли ўйинчилар тайёрлашнинг самарали тизимини яратиш, шунингдек миллий терма жамоалар ва профессионал футбол клублари учун сифатли спорт захирасини шакллантириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.
Шу билан бирга, бугунги кунда иқтидорли ёш футболчиларни саралаб олиш тизимини ва футбол инфратузилмасини янада ривожлантириш, соҳада маркетинг ва замонавий бошқарув механизмларидан самарали фойдаланиш мақсадида амалдаги солиқ имтиёзларининг амал қилиш муддатини узайтириш зарурати мавжуд.

Сенаторларнинг таъкидлашича, ушбу Қонун билан Солиқ кодексига 2023 йил 1 январдан 2026 йил 1 январга қадар Ўзбекистон футбол ассоциацияси, унинг ҳудудий бўлинмалари, “Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси” жамоат бирлашмаси, Ўзбекистон футбол ҳакамлари маркази ва профессионал футбол клубларига барча турдаги солиқларни (бундан ижтимоий солиқ мустасно) тўлашдан озод этишни назарда тутувчи ўзгартишлар киритилмоқда.
Шунингдек, ўзи жалб қилган чет эл мутахассислари ва футболчиларининг даромадларидан тўланадиган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича имтиёз берилмоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган, Ўзбекистон Республикасида ўхшаши ишлаб чиқарилмайдиган спорт асбоб-ускуналари ва инвентари ҳамда соҳани қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ қатор товарлар учун қўшилган қиймат солиғини тўлашдан озод этилмоқда.

Мажлисда “Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси” жамоат бирлашмаси ва профессионал футбол клубларининг молиявий аҳволини яхшилаш, хорижий етук мутахассисларни жалб қилиш орқали соҳадаги мутахассислар малакасини ошириб бориш, шунингдек, хусусий профессионал футбол клубларини кўпайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.
Сенаторларнинг фикрича, мазкур Қонуннинг қабул қилиниши футбол клублари фаолиятини ривожлантиришга, терма жамоалар учун ўқув-машқ жараёнини самарали ташкил этишга, мамлакатимизда футбол бўйича йирик халқаро мусобақаларни, шу жумладан ўсмирлар, ёшлар ва хотин-қизлар жамоалари ўртасида жаҳон ҳамда қитъа биринчиликларини юқори даражада ташкил этишни таъминлашга хизмат қилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- «Олтин куз» II Халқаро камер ва симфоник мусиқа фестивали бўлиб ўтади
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг