Малака ва инновацион ўзгаришлар самарали профессионал таълим тизимига кенг йўл очмоқда

10:45 14 Декабрь 2020 Жамият
1090 0

Давлат ва жамият тараққиёти, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳалари салоҳиятини оширишда ўрта бўғин мутахассислари ҳамиша катта роль ўйнаб келган. Таъбир жоиз бўлса, улар ижтимоий-иқтисодий жараёнларнинг “олтин ўрталиғи”ни таъминлашда муҳим мувозанат кучи ҳисобланади. Бу нафақат тарихда, балки бугунги амалиётда ҳам ўз исботини топган ҳаётий ҳақиқатдир.

Айниқса, пандемия шароитида айнан профессионал таълимдан етишиб чиққан малакали мутахассисларнинг ўрни ва қадри яққол билиняпти.

«Плеймейкер-кадрлар» даври келди

Боиси футбол тили билан тушунтирганда, улар майдондаги ярим ҳимоячиларга ўхшайди. Аслида, энг кўп қора меҳнатни айнан шу амплуа эгалари бажаришса-да, кўпчилик буни сезмаслиги мумкин. Ваҳоланки, нафақат рақиб дарвозасини ишғол қилиш, балки ўз дарвозаси дахлсизлигини таъминлашда айнан уларнинг хизматлари беқиёс бўлади.

Хўш, Ўзбекистонда мана шундай “плеймейкер-кадрлар”ни тайёрлаш учун нималар қилинмоқда? Келинг, ушбу саволга жавобни қуйида батафсил излаб кўрамиз.

Маълумки, кейинги йилларда юртимизда илм-фанга бўлган муносабат мутлақо янгиланди, таълим соҳасини тубдан ислоҳ этиш, илмий ва инновацион фаолиятни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотларга кенг йўл очилди. Бундан кўзланган асосий мақсад — сифатли таълим хизматлари имкониятларини ошириш, меҳнат бозорининг замонавий эҳтиёжларига мос юқори малакали кадрлар тайёрлашдан иборат.

Ушбу ислоҳотлар асносида касб-ҳунар таълими соҳасида ҳам давлат сиёсати ўзгарди, халқаро андозаларга мос профессионал таълим тизими жорий этилди. ­Президентимизнинг 2019 йил 6 сентябрдаги “Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони мазкур ислоҳотларнинг яна бир пойдеворига айланди. Сабаби, унга мувофиқ, 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистонда Таълимнинг ­халқаро стандарт таснифлагичи даражалари билан уйғунлашган янги бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим даражаларини қамраб олган профессионал таълим тизими ҳамда табақалаштирилган таълим дастурлари жорий этиладиган таълим муассасалари ташкил қилиниб, мазкур ­дастурлар асосида тегишли кадрлар тайёрлайдиган ўқув масканлари рўйхатлари тасдиқланди.

Бунга муштарак равишда, профессионал таълим тизимида тегишли таълим дастурлари жорий этилган касб-ҳунар мактаблари, коллежлар ва техникумлардан иборат профессионал таълим муассасалари тармоғи яратилди.

Унга биноан, касб-ҳунар мактабларида:

— мактабларнинг 9-синф битирувчиларига 2 йиллик кундузги таълим берилиши, ўқувчилар ­Давлат бюджети ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида ойлик стипендия ҳамда уч маҳал овқат билан таъминланиши;

коллежларда:

— камида умумий ўрта маълумотга эга бўлган шахс­ларга касблар ва мутахассисликларнинг мураккаблигидан келиб чиққан ҳолда 2 йилгача муддатда кундузги, кечки ва сиртқи таълим шаклларида давлат буюртмаси ҳамда тўлов-контракт асосида таълим берилиши;

техникумларда:

— умумий ўрта маълумотга эга бўлган шахсларга касблар ва мутахассисликларнинг мураккаблигидан келиб чиққан ҳолда 2 йилдан кам бўлмаган муддатда кундузги, кечки ва сиртқи таълим шаклларида давлат буюрт­маси ҳамда тўлов-контракт асо­сида таълим берилиши, битирувчилар ўз соҳасига мос бакалавриат таълим йўналишлари бўйича кириш имтиҳонларисиз якка тартибдаги суҳбат орқали олий таълим муассасаларида 2-курсдан ўқишни давом эттириш ҳуқуқига эга бўлиши белгилаб қўйилди.

Пировардида мазкур йўналишларда таҳсил олаётганлар нафақат зарур билимларни ўзлаштириш­япти, муносиб касб эгаси бўлишга интилмоқда, балки улар бош­қаларга ҳам ўрнак бўлган ҳолда, жамиятга ўзларидаги кўникма ва тажрибани уйғунлаштирган интеллектуал капитал билан кириб боришлари учун мустаҳкам замин яратилди.

Оддий айтганда, ёшларга фақат кун кўришни ўргатадиган эмас, балки атрофидагиларга ҳам фойдали ниманидир бера оладиган механизм шакллантирилмоқда. Бу эса, аввало, ўша инсоннинг ўзига ҳар жиҳатдан самарали бўлади. Зеро, буюк шоир ва давлат арбоби Алишер Навоий ёзганидек, “нафъинг агар халққа бешакдурур, билки, бу нафъ ­ўзунгга кўпракдурур”.

Меҳнат бозорининг бугунги эҳтиёжларига мос

Ҳаракатлар стратегиясидаги ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишларида ҳам ана шундай долзарб ёндашувни кўриш мумкин. Чунки унда узлуксиз таълим тизимини янада такомиллаштириш, сифатли таълим хизматлари имкониятларини ошириш, меҳнат бозорининг замонавий эҳтиёжларига мос юқори малакали кадрлар тайёрлаш сиёсатини давом эттириш қатъий белгилаб берилган.

Аслида, халқаро меҳнат бозори, интеграцион жараёнларнинг жадаллашуви, рақамлаштириш, саноатдаги технологик инқилоблар даври ҳам айнан шуни талаб қиляпти. Зарур малака ва кўникмаларга эга рақобатбардош ўрта бўғин мутахассислари эса халқ­аро андозаларга мос профессионал таълим тизимида тайёрл­анади.

Савол туғилади: ҳозирги кунда юртимизда бу борада қандай ишлар олиб бориляпти?

Гап шундаки, бу йўлда айни пайтда қатор профессионал таълим муассасалари фао­лияти йўлга қўйилди. Ўозир уларнинг сони 725 тани ташкил этяпти. Шулардан 339 таси касб-ҳунар мактаби, 201 таси коллеж, 185 таси техникумдир.

Замонавий стандартларни амалда қўллаш — пировард мақсад

Дастлабки қадам ташланди. Хўш, бу борадаги мантиқий давомийлик таъминланяптими? Бу саволга ўз фаолиятимиз мисолида жавоб беришдан олдин давлатимиз раҳбарининг “Инновация бўлмас экан, ҳеч бир соҳада рақобат, ривожланиш бўлмайди”, деган сўзларини ёдга олиш ўринли.

Зотан, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Касб-ҳунар таълими тизимини инновацион ривожлантириш, педагог кадрларнинг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш институти айнан мазкур ­шиорни фаолиятининг асоси сифатида белгилаб олган. Бинобарин, нафақат таълим муассасалари, балки умуман, соҳада инновацион муҳит, янги макон яратиш ишлари аллақачон ­бошлаб юборилди.

Хусусан, тизимдаги раҳбар ва педагог ходимлар учун янгича мезонларда ўқув курслари ташкил этиляпти. Мазкур ўқув йилида малака оширишнинг янги йигирмага яқин модуллари жорий қилиниб, улар андрагогика тамойилларига асослангани ҳам бунинг тасдиғидир. Қолаверса, 200 дан ортиқ визуаллаштирилган ва рақамлаштирилган янги электрон таълим ресурслари базаси яратилди.

Институт айни пайтда касб-ҳунар таълимини инновацион ривожлантириш ҳамда раҳбар ва педагог кадрларни қайта тайёрлаш, малакасини ошириш йўналишларида фаолият олиб бормоқда. Булар профессионал таълим тизимини инновацион ривожлантиришнинг қўш қанотидир, десак, муболаға бўлмайди.

Шунга яраша тизимни қисқа вақт оралиғида ривожлантириш ва жаҳон стандартларига тўла мослигини таъминлаш мақсадида ривожланган мамлакатлар ҳамда ­халқаро ташкилотларнинг илғор тажрибалари ўрганиляпти. Мазкур жараёнда Германия, Швейцария, Жанубий Корея, Туркия ва Хитой каби давлатлар, ЮНEСКО, Британия Кенгаши, Германия халқ­аро ҳамкорлик жамияти, Осиё тараққиёт банки, Европа таълим фонди, ­Туркия ҳамкорлик агентлиги, Хитойнинг университетлар уюшмаси каби ташкилотлардан 200 дан зиёд нуфузли экспертлар жалб этилди. Улардан керакли тажриба ва хулосалар олинди.

Айни чоғда Беларуснинг Профессионал таълим республика инс­титути (РИПО) билан профессионал таълим сифатини ошириш, миллий малака тизимини жорий этиш ва WorldSkills стандартлари асосида кадрлар тайёрлаш йўналишларини қамраб олган ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ўз навбатида, давлатимиз раҳбарининг хорижий мигрантларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш бўйича белгилаб берган вазифалари ижросини таъминлаш мақсадида Россия халқлар дўстлиги институти (РУДН) билан ўзаро алоқалар йўлга қўйилиб, Ўзбекистонда унинг ваколатхонаси очилди. Бу мигрантларга рус тилида мулоқот қилиш ва рус тилида касб ўргатиш имконини кенгайтиради.

Малака ошириш ва сифат ўзаро уйғунлашиши керак

Маълумки, профессионал таълим тизими ривожи раҳбар ва педагог ходимлар малакасини ошириш қай даражада сифатли йўлга қўйилганига ҳам бевосита боғлиқ. Табиийки, бу янгича қарашларни талаб қилади. Бугун ташланаётган ҳар бир қадам ҳам мавжуд муаммо ва камчиликларни босқичма-босқич бартараф этиш, кўзланган мақсадга қисқа вақт оралиғида эришишга хизмат қилиши лозим.

Шундан келиб чиқиб, профессионал таълим тизими бошқарув ҳамда педагог кадрларни қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилиб, ҳукуматга киритилди.

Ўз навбатида, раҳбар ва педагог ходимлар, касбий фаолият натижалари қайд этишнинг электрон портфолиоси (таълим платформаси) тизими йўлга қўйилди. Шунга асосан касбий фаолият натижалари ва эришган ютуқларига ­асосан раҳбарлар ҳамда педагог ходимлар муқобил, масофавий, малака ошириш таълим муассасалари ва уйғунлашган ҳолда малака оширишга жалб қилинадилар.

Табақалаштирилган малака оширишни ташкил этишдан ­асосий мақсад эса раҳбар ва педагог ­ходимлар фаолиятини рағбатлантириш, уларнинг ишга бўлган қизиқишлари ҳамда ўз устида изланишларини кучайтиришдир.

Шу билан бир қаторда, бошқарув ва педагог кадр­ларнинг илмий-педагогик салоҳиятидан келиб чиқиб, уларнинг касбий эҳтиёжларини қондиришга йўналтирилган узлуксиз малака ошириш шаклларини мустақил танлаш ҳамда ўзлаштириш имконияти яратилади. Шунингдек, малака ошириш ўқув режаларига бугунги замон талабларидан келиб чиққан ҳолда ва ­бош­қарув кадрларининг фаолиятини амалга ошириш учун керак бўладиган янги модуллар киритилиб, бунда асосий эътибор ­амалиётга қаратилаётир. Ўқув режалардаги умумий соатнинг камида 70 фоизи амалий дарс­ларга ажратилгани шундан далолатдир.

Қолаверса, институт негизида профессионал таълим тизимини рақамлаштириш лабораторияси ташкил этиляпти. Параллел равишда профессионал таълим тизимининг барча турдаги меъёрий ва методик маҳсулотларини ­яратиш, ишлаб ­чиқилган материалларни таълим платформасида кенг муҳокамага қўйиш ва якуний хулосаларга асосан тайёрланган маҳсулотларни тажриба-синов учун амалиётга киритиш бўйича ҳам саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Усталарнинг роли қонунда мустаҳкамлаб қўйилди

Янги таҳрирда қабул қилинган “Таълим тўғрисида”ги Қонунда профессионал ва олий таълим, кадрларни қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш жараёнида амалиётнинг роли алоҳида таъкидланди.

Хусусан, мутахассис тайёрлаш жараёнида ишлаб чиқариш таълими усталарининг роли мустаҳ­камлаб қўйилди. Шундан келиб ­чиқиб, институт ҳузурида ишлаб чиқариш таълими усталарини ­касбий фаолиятга тайёрлаш ва уларнинг узлуксиз малакасини ошириш марказини ташкил этишга киришилди.

Бунда профессионал таълим муассасасида иш фаолиятини бошлаётган усталарни педагогик жамоага олиб кириш ва таълим муассасасининг иш фаолиятига мослашувига ёрдам бериш, уларни амалий машғулотларни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича замонавий самарали педагогик технологиялар билан қуроллантириш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, ўсмирлар ва катта ёшдагиларни ўқитишга қаратилган психологик хизматлар кўрсатиш, Worldskills ҳамда бошқа халқаро касбий кўрик-танловларга ўқувчи ва талабгорларни тайёрлаб бориш ҳам белгиланган.

Бундан ташқари, мазкур марказда профессионал таълим муассасалари гуруҳ раҳбарларини тайёрлаш учун ўқувчилар билан ишлаш, улар психологиясини ўрганиш ва методик таъминлашга қаратилган қисқа муддатли анъанавий, онлайн, оффлайн курслар ташкил этилади.

Натижадорлик — бош мезон

Президентимизнинг 2020 йил 6 ноябрдаги “Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривож­лантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу йўлдаги яна бир муҳим дастурил­амал, соҳага инқилобий ўзгаришлар олиб кирадиган, ривожланиш нуқталари белгилаб берилган “йўл хариталари”дир.

Ушбу тарихий ҳужжатлар ижроси замон талабларига ҳар томонлама жавоб берадиган кадрларни тайёрлаш, соҳага масъул мутасаддилар ва педагогларнинг малакасини сифатли оширишга хизмат қилади.

Шу маънода, институт фаолиятида дуал таълим принципларига асосланган тизимни жорий этиш, профессионал таълим соҳасида ўз-ўзини молиялаштириш салоҳиятини ҳосил қилиш масалалари алоҳида ўрин тутади. Айни пайтда, раҳбар ва педагог ходимларни қайта тайёрлаш ҳамда малакасини оширишнинг модуль-кредит усулини амалга киритиш устида ҳам ишлар олиб борилмоқда.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, профессионал таълим соҳасида давлат сиёсати таълимнинг натижадорлигига эришишга қаратилгандир. Бу эскича ёндашувлардан воз кечиб, кадрлар тайёрлаш жараёнига инновацион таълим технологияларини жадал суръатларда татбиқ этишни назарда тутади.

Шундай экан, бизнинг муассасамиз ҳам айнан мазкур талаблардан келиб чиққан ҳолда ўз фаолиятини янада жадал, янгиликларга ташналик руҳи билан давом эттиради. Бу борада хорижий тажрибалар асосида педагог ходимнинг малака оширишга бўлган эҳтиёжини ўрганиш, малака ошириш курсларига жалб этишнинг янги механизмлари ва методик таъминотини яратиш, ҳар бир тингловчининг айнан қандай билим ёки маълумотларга эҳтиёжи мавжудлигини аниқлаб, қаноатлантириш механизмларини ишлаб чиқиш биз учун ҳамиша долзарб бўлиб қолаверади.

Зайниддин ХУДОЙБЕРДИЕВ,

Педагогик инновациялар, касб-ҳунар таълими бошқарув ҳамда педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва
уларнинг малакасини ошириш институти директори,
иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?