Мактабларда директорлик лавозими учун танлов жараёнлари шаффоф ўтказиляптими?

18:19 30 Июль 2021 Жамият
685 0

2021 йил 30 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда депутатлар Халқ таълими вазирлигининг «Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 ноябрдаги фармонига асосан Қашқадарё вилояти халқ таълими тизимида вакант мактаб директорлик лавозимлари ва уларни тўлдириш бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисида»ги ахборотини эшитди.

Бугунги кунда мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мактаб таълимини тубдан ислоҳ қилиш, ўқувчиларга замоннинг илғор технологияларига таянган ҳолда чуқур ва сифатли сабоқ бериш йўлида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ихтисослашган зиё масканлари очилмоқда, тарихда илк бор Президент мактаблари фаолият бошлади. Мактабларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, синфхоналарини ўқув жиҳозлари билан таъминлаш янги босқичга олиб чиқилди.

Илм даргоҳларида иқтидорли ўғил-қизларни тарбиялаш, педагогларни моддий қўллаб-қувватлаш борасида ўзини оқлаётган лойиҳалар эътиборга молик. Мактабларга раҳбар тайинлаш тизимининг янги тартиби жорий этилиши ҳам тизимдаги янги ислоҳотлар сирасига киради. Мақсад-директор тайинлашда халқ вакилларининг овозини олиш, турли коррупциявий ҳолатларга йўл қўймаслик ва истеъдодли мактаб етакчисини танлашдан иборатдир.

Лекин, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилган мазкур тамойил жойларда қандай бажариляпти? Ушбу масалалар Қашқадарё вилояти мисолида ўрганилди. Ҳудуддаги 1164 та умумтаълим мактабларидан 373 тасида директор лавозимлари вакант бўлиб турибди. Жорий йилнинг 1 январидан 15 июль ҳолатига қадар Халқ таълими вазирлигининг ish.uzedu.uz сайти орқали фақат 154 таси учун белгиланган тартибда танлов эълон қилинган. Аммо аксарият, яъни 219 та лавозим учун танлов ўтказилмаган.

Ҳисоботда келтириб ўтилганидек, вилоят халқ таълими тизимида 2019-2020 ўқув йилидаги таълим муассасаси кўрсаткичлари мониторинг қилинганда «қизил тоифа»даги мактаблар сони 185 тани ташкил этиб, мазкур таълим муассасаларидан 69 тасида фаолият юритиб келаётган директорлар билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинган. Қолган мактаб директорлари фаолиятига муносабат билдириш бўйича халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига белгиланган тартибда хат юборилган бўлсада, бошқарма томонидан мазкур таълим муассасалари фаолияти таҳлили, аниқланган камчиликлар, таълим сифатини ошириш юзасидан мавжуд муаммолар тўғрисида асослантирувчи ҳужжатлар Кенгашларга тақдим этилмаган.

Шунингдек, ish.uzedu.uz сайти орқали танлови якунланган 90 та вакант умумтаълим мактаблари учун номзодларнинг ҳужжатлари Халқ таълими бошқармаси томонидан бугунги кунга қадар кўриб чиқилмаган ва Кенгашларга берилмаган. Ушбу сайт орқали 3 та мактаб яъни, Китоб туманидаги 43-, 57-, 64-мактаблар директори лавозими учун танлов жараёнлари давом этмоқда.

Мазкур тақдим этилган 38 та умумтаълим мактабларидан халқ депутатлари Деҳқонобод тумани Кенгашига тавсия этилган 11 та вакант мактаб директорларининг 4 таси учун 2 июль куни (18-, 26-, 38-, 81-мактаблар) розилик берилган бўлиб, қарор 2021 йилнинг 13 июль куни бошқармага тақдим этилган. 7 та вакант мактаб директорлигига номзодларнинг Дастурлари навбатдаги сессияда кўриб чиқилиши режалаштирилган.

Йиғилишда депутатлар Қашқадарё вилояти халқ таълими бошқармаси томонидан 90 тадан ортиқ вакант умумтаълим мактабларига директорлик лавозимлари учун танловларнинг ўз вақтида ташкил этилмаслиги, жараёнларнинг кечиктирилиши натижасида мактаб директори лавозимлари узоқ муддат давомида вакант сақланиб қолаётганини айтиб, бу ҳолат янги ўқув йилига тайёргарлик кўриш ва таълим муассасалари фаолиятини ташкил этишда турли муаммоларни келтириб чиқараётганини билдирди.

Шунингдек, халқ таълими бошқармаси томонидан вакант умумтаълим мактаблари директорлиги лавозимларига тавсия этилган номзодларнинг туман (шаҳар) халқ депутатлари Кенгашлари томонидан қисқа муддатларда кўриб чиқилмаслиги ҳамда Кенгаш қарорларининг ўз вақтида тақдим этилмаслиги натижасида директорлик лавозимлари вакант сақланиб қолишига яна бир сабаб бўлмоқда.

Эшитув давомида халқ вакиллари умумтаълим мактаблари директори лавозимлари узоқ муддат давомида вакантлар сақланиб қолинаётганинг сабаби билан қизиқдилар.

Қайд этилишича, Халқ таълими вазирининг 2020 йил 25 декабрдаги 325-сон буйруғи билан тасдиқланган Низомда кўра, умумтаълим мактаби директори лавозимларида вакант юзага келган тақдирда 3 кун муддатда танлов эълон қилиниши, аризалар келиб тушиши тугаган кундан бошлаб 10 иш кунида номзодларнинг малака талабига мослиги тўлиқ ўрганиб чиқилган ҳолда туман (шаҳар) халқ депутатлари Кенгашларига тавсия этилиши белгиланган.

Шундан келиб чиққан ҳолда, қўмита аъзолари Президентимизнинг 2020 йил 6 ноябрдаги тегишли фармони ҳамда «Таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» қарори билан белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича тегишли ишларни амалга ошириш, вилоятда мавжуд вакант умумтаълим мактаблари директорлик лавозимлари учун 3 кун муддатда белгиланган тартибда танлов эълон қилиш ва бир ой муддатда барча вакант лавозимларга муносиб номзодларни халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари билан келишган ҳолда тайинлаш зарурлигини таъкидлашди.

Узоқ вақт давомида вакант бўлган, вақтинча тайинлаш ҳамда вақтинча вазифасини бажаришни юклатиш орқали директорлик лавозимларида фаолият юритиб келаётган ходимларнинг фаолиятини қонунга мувофиқлаштириш, мазкур мактабларни белгиланган тартибга асосан танлов эълон қилиш йўли билан малакали кадрлар билан тўлдириш, Халқ таълими тизимидаги бошқарув лавозимлари учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг vacancy.argos.uz сайти орқали танлов эълон қилиш ва муносиб номзодларни танлов асосида ишга қабул қилиш бўйича бир қатор тавсиялар берилди.

Депутатларнинг айтишича, вилоятда мавжуд вакант умумтаълим мактаблари директорлик лавозимлари учун 3 кун муддатда белгиланган тартибда танлов эълон қилиш ҳамда бир ой муддатда барча вакант лавозимларга муносиб номзодларни халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари билан келишган ҳолда тайинлаш муаммонинг ечимидир.

Бу борада Қашқадарё вилояти халқ таълими бошқармаси, унинг тизимидаги туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари ҳамда тасарруфидаги ташкилот ва муассасаларда Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Президент фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ижросини таъминлаш бўйича тегишлим идоралар вакиллари иштирокида ўқув-семинарлар ташкил этиш таклиф этилди.

Йиғилишда депутатлар томонидан кўтарилган саволларга мутасаддилардан атрофлича жавоблар олиниб, билдирилган таклифлар асосида қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?