Макрон Украинага ёрдам бериш бўйича янги коалиция тузилганини эълон қилди. Қўшин юбориш эҳтимоли ҳам инкор этилмади

13:26 27 Февраль 2024 Дунё
124 0

Фото: Reuters

Франция президенти Эммануэль Макрон 26 февраль куни Парижда Украинани қўллаб-қувватлаш бўйича конференция якунлангач, Киевни узоқ масофага учувчи қуроллар билан таъминлаш бўйича коалиция ташкил этилишини эълон қилди.

Унинг сўзларига кўра, гап ўрта ва узоқ масофага мўлжалланган ракеталар ва бомбалар орқали чуқур зарбалар ҳақида кетмоқда.

“Биз чуқур зарбалар учун тўққизинчи коалиция яратишга қарор қилдик. Бугун тундан бошлаб биз ушбу коалицияга барча имкониятларга эга бўлган мамлакатларни жалб қилиш ва янги қуролларни етказиб беришни бошлашни ташкил қиламиз”, деди Эммануэль Макрон.

Франция етакчисининг эслатишича, бунгача маълум турдаги ўқ-дорилар, жумладан, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва артиллерия воситалари етказиб беришни назарда тутувчи саккизта коалиция тузилган.

НАТО ҳам замонавий технологияларни Киевга ўтказишни режалаштирмоқда
Тадбирдан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида Макрон Ғарб давлатларини фронтдаги оғир вазиятда Украинага фаолроқ ёрдам беришга чақирди.

Унинг сўзларига кўра, Ғарб давлатлари Украина можаросида “Россиянинг ғалаба қозонишига йўл қўймаслик” учун ҳамма нарсани қилади. Улар Украинага ўқ-дорилар етказиб беришда иштирок этиши мумкин бўлган учинчи давлатларни аниқлаш ниятида. Бундан ташқари, снарядлар учун турли компонентларни сотиб олиш мумкин бўлган мамлакатларни аниқлаш ҳам режалаштирилмоқда.

Ўз навбатида Франция президенти Ғарб Россия билан уруш бошлаш ниятида эмаслигига ишонтирмоқда.

Унинг таъкидлашича, Ғарб давлатлари кескинликни ушлаб туришга қарор қилган.

Ўз навбатида, Польша президенти Анжей Дуда НАТО давлатлари Киевга замонавий ракета технологияларини ўтказиш масаласини муҳокама қилаётганини айтди.

Ғарб Украинага ўз қўшинларини юбориш ҳақида гапирмоқда
Европа Иттифоқи давлатларидан Украинага қўшин юбориш имкониятини изоҳлар экан, Макрон бундай сценарийни истисно қилмади.

“Биз буни муҳокама қилдик, қуруқликдаги қўшинларни расмий равишда юбориш бўйича консенсусга ҳали эришилгани йўқ, аммо ҳеч нарсани инкор этиб бўлмайди”, деди Эммануэль Макрон.

Европа Иттифоқи ва НАТОнинг айрим давлатлари икки томонлама келишувлар асосида ўз ҳарбийларини Украинага юбориш имкониятини кўриб чиқаётгани ҳақида Словакия бош вазири Роберт Фико ҳам маълум қилди. Шу билан бирга, у бундай қадам фақат можаронинг кучайишига олиб келишидан огоҳлантирди. Ўз навбатида, Фико Словакия ўз ҳарбийларини юбормаслигини таъкидлади. Чехия бош вазири Петр Фиала ҳам Прага ўз ҳарбийларини Украинага жўнатишни режалаштирмаганини даъво қилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер