Маймун чечаги эпидемияси қачон тугайди?

12:55 04 Октябр 2022 Дунё
438 0

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти расмий вакили Маргарет Харрис дунёда маймун чечаги инфекцияси тарқалиши билан боғлиқ сўнгги эпидемиологик вазият ҳақида маълумот берди.

Унинг таъкидлашича, ҳозиргача мазкур вирус аниқланган мамлакатлар сони 105 тага етган. Лаборатория текширувлари натижасида тасдиқланган касаллик ҳолатлари эса 66,3 мингдан зиёдни ташкил этмоқда.

Шунингдек, хасталик асоратлари туфайли Шимолий ва Жанубий Америка, Европа ҳамда Африка қитъаларида яшовчи 26 нафар бемор ҳаётдан кўз юмган.

Эпидемиядан энг кўп зарар кўрган мамлакатлар рўйхатида ҳануз АҚШ етакчи. Бу ерда қарийб 25 минг нафар бемор рўйхатга олинган. Кейинги ўринда 7,4 мингдан зиёд ҳолат билан Бразилия бормоқда. Шунингдек, Испанияда 7,1 минг, Францияда 3,9 минг, Германияда 3,6 минг, Буюк Британияда 3,5 минг кишига маймун чечаги ташхиси қўйилган.

ЖССТ вакилининг сўзларига кўра, дунё бўйича ўтган ҳафтада касалланишлар сони 7,4 фоизга камайгани ижобий ҳолат. Қолаверса, сўнгги 21 кун ичида 33 мамлакатда янги ҳолатлар қайд этилмаган. Маймун чечагининг инкубация даври 21 кун эканлигини инобатга олсак, бу ҳам яхши хабардир.

23 мамлакатда эса, афсуски, охирги ҳафтада ўсиш кўрсаткичлари қайд этилган. Улар орасида Испания биринчи ўринда.

Эпидемия тез орада тугайдими?

Бу саволга М. Харрис “Пасайиш динамикаси — ижобий белги, аммо якуний хулоса учун ҳали эрта", дея жавоб берди.

“Муҳими, одамлар ЖССТ тавсияларига амал қила бошлаган. Бугун беморлар ва хавф гуруҳига мансуб қатлам билан мулоқот қилмаслик, касаллик белгилари аниқланганда, зудлик билан шифохонага мурожаат қилиш, эмланиш ва шахсий гигиена қоидаларига қатъий амал қилишнинг аҳамиятини англаб етмоқда”, — дейди мутахассис.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер