Маҳкумлар кўнглида ҳам яратувчанлик яшайди
Темур ЭШБОЕВ/«Халқ сўзи». Озодликдан маҳрум этиш маҳкум учун жазо — айни чоғда жамиятнинг маълум муддатда уни тарбиялаш ҳамда тўғри йўлга қайтаришдек устувор мақсади йўлидаги восита. Шу нуқтаи назардан сўнгги йилларда маҳкумларнинг тиканли сим ортидаги ҳаёти мазмунан бойитилиб, барча тадбирлар ғояга қарши ғоя, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш тамойилларига асосланмоқда. Жазони либераллаштириш ҳамда уни ўташнинг шаффофлаштирилиши ҳам шу каби мақсадлар йўлидаги саъй-ҳаракатлар ҳосиласидир.
Модомики, инсон қусурлардан ҳали ҳам тўлиқ холи эмаскан, унинг ботинида яратувчанлик хислатларини уйғотишда инсоний муносабатлар муҳим аҳамиятга эга. Бунга ургутлик Маҳмуд Қаршиевнинг гулдай ҳунари ва сўнгги йиллардаги ҳаёти ёрқин мисол. У туман суди ҳукми билан маълум муддатга озодликдан маҳрум этилган эди. Жазони ижро этиш муассасасида қўллар меҳнатга, яратувчанликка ўрганди. Фикримизча, кўнгил ҳам шундай.
— Отам уста дурадгор, — дейди М. Қаршиев. — Болаликдан ёғоч билан ишлашда уқувга эга бўлганман. Мана бу ерда шу ҳунарни пухта эгаллаб, ёғоч ўймакорлигида анча-мунча қўлим келиб қолди. Насиб этса, озодликка чиққач, шу ҳунар орқали ўз ҳаётимни мутлақо бошқача давом эттирмоқчиман.

Табиийки, умр дафтарини оппоқ саҳифадан бошлашдек истак ҳар доим жамиятнинг маҳкумларга муносабатига боғлиқ. Навоий вилоятидаги жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган ёш маҳкумларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ҳамда уларнинг бирор-бир касб бошини тутишига кўмаклашиш, иқтидорларини юзага чиқариш мақсадида «Ёшлар билан 10 кун» лойиҳаси ўтказилди.
Лойиҳа доирасида Навоий шаҳридаги 4-сонли жазони ижро этиш колониясида маҳкумлар қўл меҳнати билан яратилган маҳсулотлар кўргазмаси, миллий кураш, шахмат-шашка, стол тенниси ҳамда армрестлинг спорт мусобақалари, «Зукко китобхон», «Заковат» интеллектуал ўйинлари ташкил этилиб, ғолиблар тақдирланди. Албатта, улар эришган натижалар шахсий варақасида ҳам қайд этилган бўлса, ажаб эмас.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- «Олтин куз» II Халқаро камер ва симфоник мусиқа фестивали бўлиб ўтади
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг