Маҳаллийлаштириш ва ҳудудларда янги иш ўринларини яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар самарадорлиги муҳокама қилинди

12:22 05 Октябр 2022 Сиёсат
522 0

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

2022 йил 5 октябрь куни Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида янги иш ўринларини яратиш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишларни ўрганиш натижалари ҳамда иқтисодиётнинг ишлаб чиқариш соҳаларида маҳаллийлаштириш дастурларининг ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари дастлабки тарзда муҳокама қилинди.

Мажлисда Сенат томонидан парламент назорати доирасида ҳудудларда янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича ишлар доимий равишда ўрганиб борилаётгани қайд этилди.

Мамлакатимизда ишсиз фуқароларнинг, айниқса, хотин-қизлар ва меҳнат бозорига илк бор кириб келган битирувчиларнинг бандлигини таъминлаш ва уларни тадбиркорликка кенг жалб этиш, шунингдек, норасмий бандликни камайтириш бўйича янги таъсирчан механизмлар жорий этилди.

Хусусан, жорий йилнинг 1 ноябридан бошлаб ўзини ўзи банд қилишда фаолият турлари яна 10 тага кенгайтирилади. 2023 йилдан бошлаб якка тартибдаги тадбиркорлар билан меҳнат муносабатларида бўлган жисмоний шахслар учун ижтимоий солиқ миқдори камайтирилмоқда. Шахсий томорқа ер участкасида 10 га яқин фаолият турлари билан шуғулланаётган фуқароларга ҳам кафолатланган меҳнат стажига эга бўлиш имконияти берилди.

Шунингдек, мажлисда Ўзбекистон Республикасида маҳаллийлаштириш дастурлари доирасида амалга оширилган ишлар ҳам кўриб чиқилди.

Жумладан, 2022 йилнинг январь-июнь ойларида 1 849 та лойиҳа бўйича 16,4 трлн сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган. Шундан иқтисодиёт тармоқларига 693 та лойиҳа бўйича 6,5 трлн сўм, ҳудудлар ҳиссасига 1 156 та лойиҳа бўйича 9,9 трлн сўм тўғри келади.

Электротехника соҳасида импортни қисқартириш, янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини маҳаллийлаштириш мақсадида «Ўзелтехсаноат» уюшмаси томонидан 5 турдаги рентген аппаратларининг ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилган.

Шунингдек, саноат кооперацияси алоқаларини янада кенгайтириш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш юзасидан шу йил бошидан Жиззах, Сирдарё, Самарқанд, Сурхондарё, Наманган, Фарғона, Андижон ва Тошкент вилоятларида ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркалари ўтказилиб, унда жами 1,5 трлн сўмлик 3 803 та шартнома ҳамда 143,6 млрд сўм бўлган 166 та техник жиҳатдан ҳамкорлик қилиш меморандуми имзоланган.

Сенаторлар асосий эътиборни маҳаллийлаштиришни амалга ошириш орқали импортни қисқартириш, янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини кенгайтиришда кўрилаётган чоралар ва уларнинг ижросига қаратди.

Кўриб чиқилган масалалар юзасидан Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

«Халқ сўзи»,
Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер