Маҳаллий раҳбарларнинг ёлғон ваъдалари қачонгача давом этади? — сенаторлар Дўрмонда одамларни қийнаётган жиддий муаммоларни ўрганди

20:42 10 Сентябр 2021 Жамият
674 0

Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли ўртасидаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан муҳтарам Президентимиз томонидан қабул қилинган Фармон ва қарорлар, белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, ҳудудлар ижтимоий инфратузилмасини яхшилаш борасидаги амалга оширилаётган ишларни ўрганиш учун жорий йилнинг 6 — 9 сентябрь кунлари Сенатда доимий асосда ишловчи сенаторлар — Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов ва Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Қодирхонова Тошкент вилоятида бўлишди. Вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармасида сенатор М.Қодирхонова бошчилигида сайёр қабул ўтказилиб, унда ўнлаб нафар фуқаролар мурожаатлари кўриб чиқилди. Сенаторларнинг Чиноз туманига ташрифи чоғида Ўзбекистон Республикаси Президентининг бир қатор қарорлари ижроси ўрганилди. Жумладан, 2021 йил 9 августдаги «Етим болалар ва ота-оналар қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тарбиялашнинг тубдан янгиланган тизимини жорий этиш чора- тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Республика қиз болалар ўқув-тарбия муассасасини Чиноз туманида жойлашган 2-сонли касб-ҳунар мактаби биносига кўчириш жараёнидаги амалий ишлар билан танишдилар.

Сенаторлар 9 сентябрь куни Қибрай туманидаги Дўрмон қишлоғи аҳолиси вакиллари билан учрашди. Ошкоралик руҳида ўтган юзма-юз мулоқотда тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда вилоят ҳокимлигининг мутасадди раҳбарлари иштирок этди. Учрашувга ташриф буюрганлар, аввал Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек тумани, Ўқитувчилар кўчасида жойлашган турар-жойларда яшашган. Биноларни давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиниши муносабати билан уларга, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 4 сентябрдаги 538-сонли қарорига мувофиқ, Қибрай тумани Дўрмон қишлоғи ҳудудидан 28,47 гектар ер майдони ажратилиб, якка тартибдаги уй-жойлар қуришга рухсат берилганди. Туман ҳокими ва тегишли мутасадди ташкилот раҳбарларининг фуқаролар тақдирига бефарқлиги, бу ердаги ташкилий ишларнинг хўжасизлиги туфайли ўнлаб хонадон эгалари жиддий муаммоларга дуч кела бошлади. Туман ҳокимлиги томонидан одамларнинг сарсон саргардон қилиниши оддий ҳолга айланиб борди. Дўрмон қишлоғига янги кўчиб келган кишилар газ ва электр таъминоти, ичимлик суви, канализация тармоқлари борасида боши берк кўчага кириб қолдилар. Фуқароларнинг бу борада туман ҳокимлиги ҳамда тегишли ташкилотларга қилган мурожаатлари эса ҳар сафар қуруқ ва ёлғон ваъдалар билан сийланди. Шу боис аҳоли вакиллари ушбу муаммоларни ҳал этиш юзасидан Олий Мажлис Сенатига мурожаат қилишди. Фуқароларнинг мазкур мурожаати Сенат аъзолари М.Қодирхонова, Э.Гадоев ва Т.Мадумаровлар томонидан ўрганилди. Дўрмон қишлоғига янги кўчиб келганлар кўтараётган ижтимоий масалалар долзарблиги боис, Сенатнинг 17-ялпи мажлисида ҳам муҳокама қилинди.

Сенаторларнинг ушбу мурожаатни ўрганиши жараёнида мулкларини баҳолатиб, компенсация пулини тўлаб бериш бўйича мурожаат қилган 10 нафар фуқарога Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан 5,8 млрд сўм маблағ тўлиқ тўлаб берилгани маълум бўлди.

Хуллас, Қибрай тумани ҳокимининг 2020 йил октябрь ва декабрь ойларидаги қатор қарорларига асосан, мазкур ҳудуддан жами 101 та ер участкаси фуқароларга якка тартибда уй-жой қуриши учун ажратиб берилган. Ҳозирда ушбу ер участкаларининг 79 тасига нисбатан «Ер участка кадастр паспорти» шакллантирилган. 22 та ер участкаси эгаларида эса кадастр паспорти йўқ. Учрашувда қайд этилганидек, 20 та ер участкасида фуқаролар томонидан (8 тасида якка тартибдаги уй-жойлар) қурилиш ишлари бошланган.

Вазирлар Маҳкамасининг мазкур қарорига кўра, бу ерда қурилаётган уй-жой манзили аҳолисининг турмуш фаровонлигини яхшилаш мақсадида электр, табиий газ, ичимлик суви таъминоти муаммолари ҳал этилиши лозим. 375 дона электр токи учун темир бетон таянчлари, 25 км паст кучланишли тармоқ ҳамда 400 квА юқори кучланишдаги трансформатор пункти бунёд этиш зарурати бор. Мутасаддиларнинг таъкидлашича, «Қибрайтумангаз» таъминоти балансидаги юқори босимли Д-500 мм.ли газ қувуридан 2 км масофага янги тармоқ тортиш лозим. Янги қурилаётган хонадонларни тоза ичимлик суви билан таъминлаш учун Қорамурт кўчасидан ўтган «Қодирия 4-сув ҳавзаси»дан фойдаланиш учун насос станцияси қуриш керак бўлади. Бироқ, бу борада шу кунгача амалга оширилаётган ишлар аҳолини қониқтирмаяпти. Шу боис, жорий йилнинг 6 сентябрь куни Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қ.Бурхонов ҳамда Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси М.Қодирхоновалар ҳудудга бориб, ҳолатни яна бир бор ўргандилар.

—Қўлимда қонуний ҳужжатларим бўла туриб, уй-жой қуриш ишларини бошлолмаяпман, — дейди, Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси Қибрай туман бўлими томонидан Дўрмон қишлоғи, Нурафшон МФЙ, Зийнат кўчаси, 3-проспект, 9-уй манзили эгаси сифатида қайд этилган Мақсудбек Хуррамов. — Чунки сув бошидан лойқаланган! Туман ҳокимлиги томонидан қонуний талаблар ўрганилмасдан қарорлар чиқарилган. Ҳозирда менга ажратилган 400,0 кв.метр ер участкасидан юқори кучланишли электр тармоғи ўтган. Бу эса, ушбу ҳудудда уй-жой қуриш мутлақо мумкин эмаслигини билдиради. Наҳотки, туман раҳбарлари шу оддий ҳолатни тушунишмаган бўлишса?

Учрашувда сўзга чиққан фуқароларнинг таъкидлашича бунёд этилаётган маҳаллаларда бу каби муаммолар қалашиб ётибди. Ичимлик суви, электр энегияси, табиий газ у ёқда турсин, яшаш учун оддий шароит мавжуд эмас. Сабаби ҳалигача бу ҳудуднинг Бош режаси тасдиқланмаган.

—Ҳудуддаги қурилиш ишлари пухта ўйланмай бошланган, — дейди Ўзбекистон Республикаси Энергитика вазирининг ўринбосари Шерзод Ходжаев. — Ҳалигача Бош режаси ишлаб чиқилмаган жойга қандай қилиб, электр тармоғи тортиш мумкин. Масалан, вазирлигимиз раҳбарияти билан на туман ва на вилоят ҳокимлиги мутасаддилари бу борада бирор бир келишувга эришган. Энг аввало, аҳоли хонадонлари қурилаётган манзилнинг Бош режаси ишлаб чиқилиши керак эди-да! Хонадонлар сони, кўчалар, маҳаллалар, мактаб, шифохона, кутубхона, МТМ каби ижтимоий аҳамиятга молик муассасаларни қуриш режаси бўлиш керак эди. Ахир бу қишлоқда бир эмас, юзлаб нафар одамлар истиқомат қилади-ку!.

—Дўрмон қишлоғидаги ушбу янги аҳоли манзилини бунёд этиш Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ бошланган бўлсада, ҳақиқатда шу кунгача қурилган ва қад ростлаётган уй-жойларни электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви билан таъминлаш, канализация тармоқларини қуриш борасида маҳаллий раҳбарлар томонидан бирор бир иш қилинмаган, —дейди Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов. — Энг ачинарлиси, яшаб турган хонадонлари давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олинган фуқароларнинг кўпчилиги шу кунгача ижарада яшашмоқда. Уларнинг Тошкент шаҳри ва вилоятининг тегишли ҳокимлик идоралари ва мутасадди ташкилот раҳбарларига қилган мурожаатларига совуққонлик билан муносабат билдирилган. Айтиш мумкинки, уларнинг мурожаати тезда ўрганиб чиқилиб, ҳал этилиши ўрнига, одамларга ёлғон ваъдалар беришиб, сарсон саргардон қилишган. Шу боис ҳам бу масала Олий Мажлис Сенатига киритилди. Тошкент вилоятидан сайланган сенаторлар, тегишли соҳа раҳбарларидан иборат назорат гуруҳи тузилиб, аҳоли мурожаати батафсил ўрганилди. Одамлар шикоят хатида келтирган фактлар ўз исботини топди. Бугунги учрашувда ҳаттоки,бу ҳудуднинг Бош қурилиш режаси ҳам йўқлиги маълум бўлди.

Афсуски, сенаторлар, тегишли вазирлик ва ташкилотлар раҳбарлари таъкидлаганидек, бундай қонуний ҳужжат ҳозирча ҳеч қайси мутасадди ташкилот раҳбари қўлида йўқ! Шунинг учун ҳам, энергетика, «Ҳудудгазтаъминот», «Ўзсувтаъминот», уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, ахборот технологиялари ва коммуникация, капитал қурилиш, автомобиль йўллари каби тегишли соҳа мутахассислари бир қадам ҳам илгари босишолмаяпти. Аҳоли эса муаммолар тезроқ ечим топишини кутмоқда.

 

Шодиёр МУТАҲАРОВ,
(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?