Маҳаллий Кенгашлар фаолияти самарадорлиги ошади

17:57 08 Февраль 2024 Жамият
190 0

Президентимизнинг 2024 йил 2 февралда ”Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилиниб, унга кўра маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг фаолияти устидан халқ депутатлари Кенгашларининг назорат функциялари кенгайтирилиб, ўндан ортиқ қўшимча ваколатлар берилди. Хусусан, прокуратура, адлия, ички ишлар, молия, солиқ, экология ва соғлиқни сақлаш органлари раҳбарларининг ҳисобдорлиги белгилаб қўйилди.

Мазкур Фармон ижросини таъминлаш ҳамда унинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида Халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгаши котибиятида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда маҳаллий вакиллик органлари депутатлари, соҳа мутахассислари, экспертлар ва жамоат фаоллари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Давра суҳбатида мазкур Фармон билан Ўзбекистон маҳаллий бошқаруви тарихида биринчи маротаба маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини янги модель — “Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким” тамойили асосида ислоҳ қилишга қаратилган қатор қоидалар белгиланиб, жамият ва давлат ҳаётининг муҳим масалаларини ҳал этишда ҳудудларда истиқомат қилаётган аҳолининг фикрини инобатга олиш, маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг ролини ошириш мақсадида таълим, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, шаҳарсозлик, транспорт ва ҳудуд инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган 33 та ваколат Кенгашлар ихтиёрига ўтказилаётганлиги батафсил тушунтирилди.

— Эндиликда йиллар давомида маҳаллий Кенгашлар зиммасига юкланиб келинган қатор ваколат ва функциялар тизимлаштирилиб, маҳаллий Кенгашларнинг иш юкламасининг сунъий равишда ошиши ҳолатларига барҳам берилади, — дейди Халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгаши котибияти мудири Жамолиддин Ҳамроев. — Натижада маҳаллий Кенгашлар фаолиятининг иш самарадорлиги ошиши, ҳудуддаги давлат органлари ва ташкилотларининг масъулияти ортиб, вакиллик органларининг чинакам “халқ овози”га айланиши таъминланади.

Давра суҳбатида Кенгашлар ўз фаолиятини давлат ҳокимияти органларидан мустақил равишда амалга ошириши кафолатланиши таъкидланиб, мазкур ислоҳотлар шубҳасиз, сайловчилар ва тегишли ҳудуд манфаатини кўзлаган ҳолда амалга оширишига асос бўлиши эътироф этилди.

Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?