Маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси: у қандай ишлаяпти?

15:05 29 Ноябрь 2022 Жамият
427 0

Фото: Халқ сўзи

Мамлакатимизда жамиятни демократлаштириш борасидаги саъй-ҳаракатлар, аввало, давлатнинг бошқарувчилик функциясини босқичма-босқич юқоридан қуйига тушириш, яъни маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш тизими ваколатларини кенгайтириш юзасидан амалга оширилаётган ишларда ўз самарасини кўрсатмоқда. Чиндан ҳам бугунга келиб маҳалла тизими жойларда инфратузилмани ривожлантириш, бандликни таъминлаш, аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш, ижтимоий соҳа равнақи билан боғлиқ масалалар ҳал қилинадиган асосий кучга айланмоқда.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан маҳалла фуқаролар йиғинларида туман ва шаҳар ҳокимларининг тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ёрдамчиси лавозими ташкил этилиб, бу вазифага салоҳиятли кадрлар танлаб олингани, айтиш мумкинки, тизим фаолиятида кескин бурилиш даврини бошлаб берди.

Хусусан, Наманган шаҳрида ушбу лавозимга номзодларни саралаш масаласига жиддий эътибор қаратилгани, жорий йил аввалида мавжуд 62 та маҳаллада иш бошлаган ҳоким ёрдамчиларининг ҳаракатчанлиги, аҳоли орасига дадил кириб бориб, муаммолар ечимига астойдил елка тутаётгани эътирофга лойиқ. Бу уларнинг билимдонлиги, ҳаётий тажрибаси, вазиятни тўғри баҳолаб, муносиб хулоса чиқара олиши билан боғлиқ, десак тўғри бўлади. Бугун ушбу вазифада фаолият юритаётган кадрларнинг асосий қисми аввал иқтисодиёт, инвестиция, тадбиркорлик соҳаларида меҳнат қилгани иш юритиш жараёнида қўл келмоқда. Зеро, ҳоким ёрдамчилари зиммасига юклатилган кўп қиррали юмушлар енгил эмас. Уларнинг уддасидан чиқиш учун маҳалла ҳудуди, хусусан, оилалардаги аҳволни чуқур билмасдан туриб кўзланган натижага эришиш мушкул. Шундан келиб чиқиб, барча маҳаллалардаги хонадонлар қисқа вақт оралиғида хатловдан ўтказилди. Натижалар атрофлича таҳлил қилиниб, амалга оширилиши лозим бўлган энг устувор вазифалар белгилаб олинди.

Ҳўш, айни чоғда жойлардаги ҳоким ёрдамчилари қандай ташаббуслар билан чиқяпти, натижалар қандай?

Ўрганишлар чоғида биргина Наманган шаҳридаги 50,1 минг хонадоннинг 6,2 мингтасида оила аъзоларининг қўшимча даромад топишга хоҳишлари борлиги аниқланган. Шундан келиб чиқиб, бизнесни йўлга қўйиш ва бандликнинг бошқа йўналишлари бўйича 371 та лойиҳа ишлаб чиқилган бўлиб, ҳозирга қадар уларнинг 352 таси амалий тасдиғини топди ва 1 минг 794 киши доимий иш ўрнига эга бўлди. Масалан, «Ғунча» МФЙ ҳоким ёрдамчиси Жавоҳир Абдуқаҳҳоров ташаббуси билан ҳудуддаги 44- умумтаълим мактабининг бўш турган биносида “Bolajon Noza servis savdo” МЧЖ томонидан 75 ўринли хусусий боғчани ташкил этишга кўмаклашилди ва 10 та иш ўрни яратилди. «Шаршара» МФЙда эса ҳоким ёрдамчиси Ойбек Файзуллаев тадбиркорнинг балиқ етиштириш ва сотиш хизматини йўлга қўйиши учун 150 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит олишида бош-қош бўлди. «Алпомиш» маҳалласи ҳоким ёрдамчиси Улуғбек Мирзаолимовнинг таклифи билан пойабзал маҳсулотлари тайёрлаш цехи ишга туширилди ва ўн нафар фуқаро доимий даромад манбаига эга бўлди.

Доимий иш ўрнига эга бўлмаган ва кам даромадли оилаларни камбағалликдан чиқариш борасидаги ишлар ҳоким ёрдамчиларининг устувор вазифаларидан бирига айланган. Бундай хонадонлар билан ишлашда биринчи навбатда меҳнатга яроқли фуқаролар бандлигини таъминлашга эътибор қаратилмоқда.

«Баркамол авлод» маҳалласида яшовчи З. Турғунов «Темир дафтар» рўйҳатига киритилган эди. Фуқарога тикув машинаси олиб берилганидан сўнг у тикувчилик билан шуғуллана бошлади, рўзғорига барака кирди. «Шаршара»лик И. Мамашоев эса пайвандлаш аппарати олиб берилганидан сўнг ҳунари ортидан даромад топа бошлади.

Шу ўринда ҳоким ёрдамчиларининг ўз ҳудудидаги муаммолар, айтайлик, ободонлаштириш, инфратузилмани яхшилаш борасидаги муаммолар ечимига ҳам астойдил киришганини таъкидлаш лозим. Чунончи, жорий йилнинг ўтган ойларида Наманган шаҳридаги маҳаллаларда 4,5 километр узунликда ичимлик суви тармоқларининг таъмирдан чиқарилиши, 8,1 километр йўлга асфальт ётқизилиши, 31 та қувват трансформатори алмаштирилиши ва бошқа қатор хайрли тадбирлар шу йўсинда изчил амалга оширилгани кўпчиликка маълум.

Қувонарлиси, бундай мисолларни кўплаб келтиришимиз мумкин. Умуман олганда, маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчиси лавозимига номзодлар танлашда адашмаган эканмиз, дея хотиржам тортамиз. Уларнинг маҳалла ҳаётига чуқур кириб бориб, мавжуд муаммолар ечими учун астойдил жон куйдираётгани боис шаҳримизда ижобий ўзгаришлар кўлами кенгаймоқда, одамларнинг турмуш даражаси яхшиланяпти, истиқболли бизнес лойиҳалар ижобатини топмоқда.

Ҳоким ёрдамчиси институти ташкил этишдан асл муддао ҳам шу аслида.

Рустамжон ИСОҚОВ, Наманган шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?