Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ташкил этилади

18:39 02 Декабрь 2021 Сиёсат
766 0

Архив сурат

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастури ижросини самарали ташкил этиш, ипотека кредитлашни кенгайтириш ва қурилиш материаллари саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда ҳар бир маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, бандликни таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиси фаолиятини ташкил этиш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.

Ҳоким ёрдамчилари 1 январдан барча маҳаллаларда фаолиятини бошлайди. Уларнинг ишини самарали ташкил этиш мақсадида:

— бир йил давомида доимий фаолият юритадиган “Маҳаллабай ишлаш штаби” тузилади;

— ҳар бир туман ва шаҳарга вазирлик, марказий идоралар ва банклардан 1-3 нафардан масъул ходим бириктирилади. Улар 1 йилга туманга хизмат сафарига юборилади ва иш жойи, ойлик иш ҳақи сақлаб қолинади.

— ўзини яхши кўрсатган ҳоким ёрдамчилари ва республика вакиллари мукофотланади, йил натижалари бўйича эса “Янги Ўзбекистон ислоҳотчиси” кўкрак нишонига тавсия қилинади;

— уларга ипотека асосида квартира олишда 50 фоизгача субсидия ажратилади;

— Бош вазир қабулхоналари ва Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги негизида Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ҳамда туман (шаҳар)ларда Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш марказлари ташкил этилади.

"Ушбу тизимни самарали йўлга қўйишга барча ҳудуд ва сектор раҳбарлари масъул", деди давлатимиз раҳбари сўзининг якунида.

Кескин танқидий руҳда ўтаётган йиғилишда айни пайтда тегишли соҳа ва ҳудудлар раҳбарлари ахборот берди.

Олдинроқ, 2022 йилда 29 та «Янги Ўзбекистон» массиви қурилиши ва ипотека бозорида қурилаётган уй-жойлар сони талабга нисбатан анча камлиги ҳақида хабар берган эдик.

Бундан ташқари, эндиликда ипотека кредитини олишда қариндош бўлмаган фуқароларнинг кафил бўлишига рухсат бериладиган бўлди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?