Маҳалла раиси ислоҳотчи бўла оляптими? — Президент огоҳлантирмасдан борган манзилга пресс-тур уюштирилди

10:19 03 Июль 2021 Жамият
704 0

Бунга Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган пресс-тур қатнашчилари ҳам гувоҳ бўлдилар. Дастлаб тадбир иштирокчилари Янги Наманган туманидаги «Бунёдкор» маҳалласи фаолияти билан танишдилар. Мазкур маҳалла давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 18-19 февраль кунлари Наманган вилоятига ташрифи чоғида огоҳлантирмасдан борган манзил. Ўшанда бу ерда ҳудуднинг ночор инфратузилмаси, хусусан, электр энергияси, ичимлик сув таъминоти, автомобиль йўллари ва ички кўчалардаги аҳвол жиддий танқид қилиниб, камчиликларни бартараф этиш юзасидан қатъий топшириқлар берилган эди. Топшириқлар ижроси жадал ташкил этилди. Чунончи, ўтган қисқа вақт ичида янги кўчаларга шағал ётқизиш, бетон таянч устунлар ўрнатиш, электр тармоғи тортиш, трансформаторларни таъмирлаб, соз ҳолга келтириш, энг асосийси, тоза ичимлик суви, табиий газ таъминоти бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Иккита кичик саноат зонаси учун ер ажратилиб, истиқболли лойиҳалар ижросига киришилган. Биринчи навбатда фуқаролар йиғини бошқарув идораси, кутубхона, маданият маскани ва давлат хизматлари марказини ўз ичига олган маҳалла гузари фойдаланишга топширилди. Яна бир ижтимоий объект — 150 ўринга мўлжалланган мактабгача таълим ташкилоти биноси ота-оналар ва болажонлар учун ажойиб туҳфа бўлди.

Пойтахтдан ташриф буюрган ОАВ вакиллари ва маҳаллий журналист ҳамда блогерлар 12883 нафар фуқаро истиқомат қилаётган маҳаллада ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатиш ва улар моддий аҳволини яхшилаш борасидаги ишлар билан таништирилди. Бу ерда «Темир дафтар»га киритилган 251 та, «Аёллар дафтари»даги 118 нафар ва «Ёшлар дафтари»дан ўрин олган 74 оила билан олиб борилган амалий ишлар натижасини фуқароларнинг ўзлари мамнуният билан сўзлаб беришди. Уларнинг кўпчилиги оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш, ўзини ўзи банд қилиш орқали рўзғорларни яхшигина юритишяпти.

Олий маълумот олиш истагидаги ёшлар, хусусан, ота-онасини йўқотган йигит-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича яратиб берилаётган имтиёз ва имкониятлар «Бунёдкор»ликлар фарзандлари учун ҳам айни муддао бўлди. Йиғин идораси олдига тўпланган 37 нафар ёш янги тизим асосида ОТМларга танлов асосида иштирок этиш учун тавсиянома берилганидан хурсандлигини изҳор этди.

— Ўтган йили НамДУга ҳужжат топшириб, ўқишга кира олмагандим,-дейди Нилуфар Жўрабоева. — Бу йил маҳалла фуқаролар йиғини тавсифномаси билан имтиёзли ўқиш ҳуқуқини берувчи танловда қатнашяпман. Ишим юришиб кетишидан умидим катта.

Шифокор Худойберди Султонов хонадонига кириб борган пресс-тур қатнашчилар бу ердаги саранжом-саришталик, рўзғор тутишнинг ўзига хос жиҳатларига юқори баҳо бердилар. Ўттиз йил аввал бу ерга кўчиб келган оила соҳиблари аввалига оддий шароитлар йўқлигидан анча қийналишганини гапириб беришди. Ҳартугул ҳаммаси изга тушиб кетди. Ҳовлидаги гулзор, яшнаб турган томорқа кўзни қувонтиради. Хонадон бекаси журналистларни ҳозиргина тандирдан узилган нондан тановул қилишга чорлади.

Навбатдаги манзил — «Даштбоғ» маҳалласидаги ишлар ҳам кишида яхшигина таассурот қолдиради. Бу ерда шаҳарда биринчилардан бўлиб кичик саноат зонаси фойдаланишга топширилган. Айни омил ҳисобига ҳудуддаги кичик бизнес субъектлари сони 81 тага етди, 200 дан зиёд фуқаронинг бандлиги таъминланди. Маҳалла ривожида уни маҳорат билан бошқараётган йиғин раиси Музаффар Аҳмаджоновнинг ҳаракатчанлиги муҳим ўрин тутади. Зеро, унинг фаолияти эътироф этилиб, куни кеча «Келажак бунёдкори» медали билан тақдирлангани ҳам бежиз эмас.

Давлатобод туманидаги «Янги Ўзбекистон – ёшлар зиё маскани» ахборот-кутубхонасига ташриф буюрган меҳмонларни бу ерда жамланган адабиётлар фонди, электрон ахборот ресурслари ва ёшлар учун яратилган бошқа қулайликлар ҳайратга солди.

Пресс тур иштирокчиларига Янгиқўрғон ва Чортоқ туманларидаги бир қатор ислоҳотчи йиғин раисларининг фаолияти ҳам яқиндан таништирилди. Пировардида, вилоят касаба уюшмалари биносида матбуот анжумани ташкил этилди. Унда маҳалла фуқаролари йиғинлари ишини ташкил этиш бўйича таҳлилий маълумотлар ҳавола қилиниб, илғор йиғинлар тажрибаси ҳақида атрофлича гапирилди. Журналист ва блогерлар мавжуд 776 маҳаллага иқтисодий идоралар вакиллари бириктирилиб, ҳудуд имкониятларидан келиб чиққан ҳолда чорвачилик, паррандачилик, ҳунармандчилик ва ишлаб чиқаришнинг турли йўналишлари орқали «ўсиш нуқталари» белгиланган комплекс ривожлантириш дастурига киритилган рақамлар ва бошқа муҳим маълумотларни ён дафтарларига ёзиб олдилар.

Анвар УБАЙДУЛЛАЕВ.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?