Магистраль газ қувурлари ҳимоя зонасида жами 2 425 та ноқонуний қурилма мавжудлиги аниқланган — Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси

15:32 02 Ноябрь 2020 Жамият
200 0

Бугунги кунда Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси тегишли вазирлик, ташкилотлар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда табиий газ қувурлари тизимининг ҳолатини яхшилаш, соҳага оид қонун ҳужжатлари ижроси юзасидан қатор ишларни амалга ошириб келяпти.

Хусусан, айни пайтгача, ҳудудларда 14 та ҳудудий ишчи гуруҳ томонидан бу борада 20дан ортиқ комплекс ўрганишлар ўтказилди.

Натижада 2020 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, республика ҳудудидаги магистраль газ қувурлари ҳимоя зонасида жами 2 425 та ноқонуний қурилма мавжудлиги аниқлан. Хусусан, Бухоро вилоятида 573 та, Тошкент вилоятида 354 та, Жиззах вилоятида 348 та, Самарқанд вилоятида 248 та, Сирдарё вилоятида 185 та, Сурхондарё вилоятида 178 та, Навоий вилоятида 172 та, Қорақалпоғистон Республикасида 137 та, Наманган вилоятида 87 та, Фарғона вилоятида 82 та, Қашқадарё вилоятида 30 та, Андижон вилоятида 29 та, Хоразм вилоятида 3 та. 

Шулардан 1492 та қурилма бўйича ҳужжатлар судларга топширилди, 787 та қурилма бўйича суднинг ҳал қилув қарорлари мавжуд, 178 та қурилма бузилган ёки бошқа жойга кўчирилган.

Солиштириш учун айтиш жоиз, ноқонуний қурилмалар 2016 йилда 1483 та, 2019 йилда 2113 та эди.

Қўмитанинг қайд этишича, аниқланган ноқонуний қурилмаларни бузиш ёки бошқа жойларга кўчириш бўйича суд органларига ўрнатилган тартибда даъво аризаларини тақдим этиш ва уларни таҳлил қилиб бориш ишлари «Ўзтрансгаз» АЖ томонидан суст олиб бориляпти.

Шунингдек, огоҳлантиришларга қарамасдан Бухоро ва Навоий вилоятларидаги магистраль газ қувурлари ҳимоя зонасидаги 20дан ортиқ ноқонуний қурилмаларга кадастр идоралари томонидан кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилганлиги ҳолатлари ҳам аниқланди.

Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ходимлари томонидан «Ўзтрансгаз» АЖ томонидан фойдаланишда бўлган хавфли ишлаб чиқариш объектларида жами 31 маротаба назорат профилактика ишлари амалга оширилди. Аниқланган 426 та камчиликдан 403 таси бартараф этилди, қолганларининг ижроси назоратга олинди.

Газни тақсимлаш станциялари ва газни ростлаш пунктларининг техник ҳолатини аниқлаш мақсадида, Қўмита томонидан малакали мутахассислар ажратилди. Газни тақсимлаш станциялари (ГТС) ва газни ростлаш пунктларининг (ГРП) техник ҳолатини яхшилаш мақсадида хатловдан ўтказиш бўйича ишлар «Ўзтрансгаз» АЖ томонидан ташкиллаштирилмаганлиги сабабли ушбу ишлар амалга оширилмади.

Жорий йилнинг 9 ойи давомида «Ўзтрансгаз» АЖ тасарруфидаги магистраль газ қувурларида 3 та авария содир бўлди. Аварияларни бартараф этиш ва магистраль газ қувурларни таъмирлаш учун жами 2 млрд. сўмдан ортиқ маблағлар сарф қилинди. Аварияларни текшириш натижалари бўйича ҳужжат ва кўрсатмалар тааллуқли вазирлик ва идораларга киритилди.

Магистраль газ қувурлари металининг физик-кимёвий ҳолатини зарур даражада сақлаш ва уларнинг хавфсиз эксплуатациясини таъминлаш учун магистраль газ қувурларида электр-кимёвий ҳимоя станциялари бўлиши зарур. Магистраль газ қувурларининг лойиҳаларида кўзда тутилган 2 340 та электро-кимёвий ҳимоя станциясидан, бугунги кунда амалда 1 478 таси ишчи ҳолатда, 952 таси белгиланган талабларга жавоб бермаганлиги ва уларда таъмирлаш ишларини бажарилмагани, зарур эҳтиёт қисмлар билан таъминламаганлиги сабабли ишсиз ҳолатда.

«Ўзтрансгаз» АЖнинг электр-кимёвий ҳимоя воситаларини босқичма-босқич тиклаш бўйича “2020 йилда «Ўзтрансгаз» АЖ қарашли магистраль газ қувурлари бошқармаларидаги магистраль газ қувурларини ер ости коррозиясидан ҳимояланганлигини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар” ишлаб чиқилган бўлиб, режага асосан 245 та катод ҳимоя станцияси (СКЗ), 301 та чуқур анодли ерлатгични (ГАЗ) амалга ошириш белгиланган ва 1 октябрь ҳолатига бор-йўғи жами 42 та катод ҳимоя станцияси ва 31 та чуқур анодли ерлатгич тикланди.

«Урганчтрансгаз» УК ва бошқа ҳудудий магистраль газ қувурлари бошқармаларидаги режадаги авариявий захира қувурлари 66 201 м белгиланган бўлиб, амалда 51 452,56 м.ни ташкил этади.

2019 йилда 1573 км қувурларнинг ички диагностика ишлари режалаштирилган, амалда 304 км диаметри 1 020 мм бўлган магистраль газ қувурилар қувур ички сирти диагностикаси (ВТД) ишлари бажарилиб, аниқланган 6,854 км нуқсонли қисм алмаштирилган.

2020-2021 йилларда 1 963 км узунликдаги магистраль газ қувурлари ички сиртини диагностика қилиш бўйича шартнома тузилган бўлиб, шундан, диаметрлари 1 220 мм — 1 082 км, 1 020 мм – 691 км режалаштирилган. Бугунги кунда режалаштирилган 190 км «Шўртан-Шеробод» 720 мм.ли магистраль газ қувурининг ички диагностика ишлари бошланган.

Булардан ташқари, «Ўзтрансгаз» АЖ томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 19 майдаги «Хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 291-сон қарори талаблари бажарилмаган, яъни «Ўзтрансгаз» АЖ хавфли ишлаб чиқариш объектлари хавфли ишлаб чиқариш объектлари давлат реестрига киритилмаган, ҳамда хавфли ишлаб чиқариш объектида саноат хавфсизлиги талабларига риоя этилиши устидан ишлаб чиқариш назоратини ташкил этилмаган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?