Маданий мерос агентлиги «Уста Али Насафий» мақбарасига оид таъмирлаш-тиклаш ишлари бўйича муносабат билдирди

11:52 29 Январь 2022 Жамият
636 0

Ижтимоий тармоқларда «Шоҳи-Зинда» мажмуасида жойлашган «Уста Али Насафий» мақбарасида олиб борилган таъмирлаш-тиклаш ишлари бўйича» мавзусида материал эълон қилинди.

Унда келтирилган маълумотлар юзасидан Маданий мерос агентлигининг Самарқанд вилояти бошқармаси мутахассислари томонидан жойига чиқиб ўрганиш ишлари олиб борди. Ўрганишлар натижасига кўра қуйидагилар маълум қилинади.

Самарқанд шаҳри «Шоҳи-Зинда мажмуаси» таркибига кирувчи «Уста Али Насафий мақбараси» XIV-асрнинг 60-70 йилларида қурилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 16 июлдаги «Шоҳи Зинда» ёдгорлик мажмуасида қайта тиклаш ва ободонлаштириш ишларини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига асосан, ноёб тарихий-меъморий иншоот ва муқаддас қадамжо ҳисобланган «Шоҳи Зинда» ёдгорлик мажмуасида таъмирлаш, қайта тиклаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилган. 

«Уста Али Насафий мақбараси»нинг пештоқ юзасининг ички қисмида вертикал жойлаштирилган араб ёзувли майоликалар ҳамда мақбаранинг араб ёзувли гулдаста асосининг тепа қисми 8 та сирланган кошинлар билан консервация қилинган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 708-сон фармойиши билан мазкур маданий мерос объекти «Вақф» хайрия жамоат фондига фойдаланишга берилган.

Дарҳақиқат, 2004 йилда «Шоҳи-Зинда мажмуаси»да олиб борилган таъмирлаш ишларида ўша даврда малакали реставратор-усталарнинг камлиги, хом ашё сифатига эътибор берилмаганлиги сабаб айрим хато ва камчиликларга йўл қўйилган. Бугунги кунда ҳам малакали реставраторлар етишмайди.

Туризм ва спорт вазирлиги ҳамда унинг ҳузуридаги Маданий мерос агентлигида юқорида келтирилган муаммоларни бартараф этиш, маданий мерос объектларини асл ҳолати бўйича таъмирлашнинг тизимли механизмини жорий қилиш мақсадида самарали ишлар амалга оширилмоқда. 

Жумладан, Президентимизнинг 2021 йил 19 июндаги «Маданий мерос агентлиги фаолиятини ташкил этиш ҳамда соҳани инновацион ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан, «Маданий мерос объектлари реставрацияси дирекцияси»нинг минтақавий реставрация мактаблари ташкил этилиши белгиланган. 

Шу муносабат билан, Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги «Маданий мерос объектлари дирекцияси» давлат муассасасининг «Бухоро», «Шаҳрисабз», «Самарқанд», «Термиз», «Қўқон», «Хива» минтақавий реставрация марказлари ташкил этилмоқда. Мазкур реставрация марказларининг асосий вазифаси маданий мерос объектларида илмий асосланган лойиҳалар асосида таъмирлаш-тиклаш ва консервациялаш ишларини олиб бориш, маданий меросимизни Ўзбекистонда ва хорижда кенг тарғиб қилиш, унинг ноёб намуналарини сақлаб қолиш орқали келажак ёш авлодга етказиш белгиланган.

Келажакда ҳар бир маданий мерос объектларининг реставрация ва консервация ишлари ушбу мактабнинг илмий хулосалари асосида амалга оширилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?