Лондонда ЕТТБ билан ҳамкорликда “Янги Ўзбекистон — янги имкониятлар, тараққиёт йўлида ижтимоий ҳамкорлик” мавзусида халқаро анжуман ўтказилади

18:48 19 Январь 2024 Сиёсат
274 0

Иллюстратив фото

Ўзбекистон элчиси Равшан Усмонов Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) бош котиби Казухико Когучи билан учрашув ўтказди.

"Дунё" АА хабарига кўра, мулоқот давомида Ўзбекистоннинг ЕТТБ билан молиявий ва сармоявий ҳамкорлигини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Сўнгги йилларда ҳамкорликда кенг кўламли дастур ва лойиҳалар амалга оширилганлиги қайд этилди. Шунингдек, томонлар Ўзбекистон ва ЕТТБ ўртасидаги муносабатларга янги динамика беришга қаратилган истиқболдаги вазифаларни муҳокама қилдилар.

Бош котиб Казухико Когучи ЕТТБ ҳозирги кунда Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни юксак баҳолаши ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини билдирди.

“Банкнинг Ўзбекистондаги фаолияти давлат корхоналари ва банкларини ўзгартириш ва хусусийлаштириш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш, “яшил” ривожланиш, энергетика ва транспорт лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий этиш ҳамда аёллар ва ёшлар тадбиркорлиги дастурларини ривожлантиришга қаратилган”, — деди Когучи.

Учрашувда, шунингдек, жорий йил 25-26 январь кунлари Лондон шаҳрида ЕТТБ билан ҳамкорликда ташкил этилаётган “Янги Ўзбекистон — янги имкониятлар, тараққиёт йўлида ижтимоий ҳамкорлик” мавзусидаги халқаро анжуманни юқори даражада ўтказиш масалалари хусусида ҳам фикр алмашилди.

Бўлиб ўтган мулоқот якунида томонлар кўриб чиқилган йўналишларда ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича мавжуд салоҳиятни рўёбга чиқариш мақсадида дипломатик алоқаларни давом эттиришга келишиб олдилар.

Эслатиб ўтамиз, бугунги кунга қадар ЕТТБ Ўзбекистон бўйлаб 146 та лойиҳага салкам 4,5 миллиард евро сармоя киритган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?