Лидерни юзага чиқарадиган асосий омил — унинг илмидир

18:42 14 Сентябр 2021 Жамият
204 0

Республикамизнинг барча ҳудудларидаги ёш лидерлари, келажак раҳбарлари учун мотивацион учрашув ташкил этилди.

Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Отабек Хасанов «Келажак лидерлари» клубига аъзо — 600 нафарга яқин ёш лидерлар билан учрашди.

—20-30 ёш! Бу даврда ҳақиқий лидер билим олади, тажриба ва кўникмасини оширади. Лидерни юзага чиқарадиган асосий омил — унинг илмидир, — деди О.Хасанов мулоқотда. —Мақсадимиз — тизимли равишда халқпарвар давлат хизматчиларини тарбиялаб бориш ва уларни давлат хизматининг энг муҳим бўғинларига очиқ танлов асосида қўйиш. Сизларга билдирилган ишончни шижоатингиз, меҳнатингиз билан оқлашингизга ишонамиз.

Самимий ва дўстона ўтган мулоқотда Клубнинг мақсад-вазифалари, келажак режаларига батафсил тўхталиб ўтилди. Ёш лидерлар ҳам ташаббус ва ғояларини билдиришда етакчи бўлди.

— Бугун мен нимани англадим... Давлат хизматига салоҳиятли ва фидойи кадрлар керак. Спикер О.Хасанов яхши лидер — янги лидерларни кашф этади, деб таъкидлади. Сафимизни кенгайтириш, шахсий ривожланишимизни янада тезлаштириш, халқ хизматига киришни мақсад қилдим. Мотивацион учрашув бизга янада катта куч берди, ўзимизга ишончимиз ортди, — дейди Клуб аъзоси Жаҳонгир Норбеков.

Эслатиб ўтамиз, Клуб иқтидорли ёшларни давлат фуқаролик хизматига тайёрлаш, уларда лидерлик кўникмаларини шакллантириш, ёш кадрларни селекция қилиш мақсадида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ташаббуси ҳокимликлар, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида республикамизнинг барча ҳудудларида ташкил этилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?