Курашни Африка ва Европа ёшлар ўйинлари дастурларига киритиш бўйича муҳим қадам қўйилди

23:38 23 Октябр 2022 Спорт
455 0

Фото: Халқаро Кураш ассоциацияси

Шу йилнинг 18-21 октябрь кунлари Жанубий Кореянинг Сеул шаҳрида Миллий олимпия қўмиталари ассоциациясининг (ANOC) XXVI Бош ассамблеяси бўлиб ўтди.

Нуфузи жиҳатидан Халқаро олимпия қўмитасидан кейинги ўринда турадиган ташкилотининг энг муҳим анжуманида дунёнинг барча миллий олимпия қўмиталари вакиллари, Халқаро олимпия қўмитаси аъзолари ва халқаро спорт ўйинлари ташкилий қўмиталари раҳбарлари иштирок этишди.

Мазкур нуфузли спорт анжуманида Халқаро Кураш ассоциацияси президенти, Осиё Олимпия Кенгаши Осиё ўйинлари Бош директори, Олимпия ўйинлари бўйича ANOC ишчи гуруҳи аъзоси Ҳайдар Фарман ва Халқаро Кураш ассоциацияси вице-президенти Зиёвиддин Ҳожиниязовлар иштирок этиб, курашни дунё бўйича кенг оммалаштириш бўйича кўплаб учрашувлар ўтказилди.

Энг муҳим учрашувлардан бири Африка Миллий Олимпия қўмиталари Ассоциацияси (АНОСА) президенти жаноб Мустафа Берраф билан бўлиб ўтди.

Муҳокамалар якунида томонлар курашни Африка ўйинлари дастурига киритиш бўйича амалга ошириш лозим бўлган вазифаларни келишиб олишди. Бу эса миллий спортимиз курашнинг Африка қитъасида кенг ривожлантириш йўлида тарихий воқеадир.

Мустафа Берраф жаноблари қитъа спортида ўзига хос трансформация жараёнлари кетаётганлигини таъкидлади. Кураш спорти Африкадаги ўзгаришларнинг бир қисми бўлишига ишонч билдирди.

Шунингдек, учрашувлар давомида Европа олимпия қўмитаси аъзолари билан ҳам музокаралар олиб борилади. Курашни Европа ёшлар ўйинларига Дастурига киритиш бўйича дастлабки келишувлар амалга оширилди. Мазкур масала бўйича музокараларнинг амалий босқичи давом этмоқда.

Қайд этиб ўтиш лозимки, қитъа ўйинлари Олимпия ўйинларидан кейинги ўринда турадиган нуфузли спорт байрамидир. Курашнинг қитъа ўйинлар дастуридан расман ўрин олиши келгусида Олимпия ўйинлари дастурига киритилишида муҳим аҳамиятга эгадир.

IKA раҳбарияти томонидан кураш 2018 йили Индонезияда бўлиб ўтган ёзги Осиё ўйинлари дастурига киритилган эди.

2023 йил Хитойнинг Ханжоу шаҳрида бўлиб ўтадиган навбатдаги ёзги Осиё ўйинларида ҳам кураш бўйича расмий беллашувлар бўлиб ўтади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?