Кураш бўйича ёшлар ўртасида Президент соврини учун халқаро мусобақалар ўтказилади

14:05 01 Август 2022 Спорт
884 0

Фото: Архив сурат

«Спорт курашларининг Олимпия турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори (ПҚ–336-сон, 29.07.2022 й.) қабул қилинди.

Қарор билан 2022-2024 йилларда спорт курашларининг олимпия турларини (эркин кураш ва юнон-рум кураши) ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгиланди.

Қарорга кўра, 2023 йилдан ҳар йили анъанавий тарзда спорт курашлари бўйича эркаклар ва аёллар жамоалари ўртасида навбатма-навбат республиканинг барча ҳудудларида (олимпия ва халқаро вазн тоифалари бўйича):

— ёшлар ўртасида Президент соврини учун халқаро спорт мусобақалари;

— ўсмирлар ўртасида “Uzbekistan-Grand Prix” халқаро спорт мусобақалари;

— катталар ўртасида “New Uzbekistan” халқаро спорт мусобақалари;

— Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимида «Вазир кубоги», Давлат хавфсизлик хизмати тизимида «Раис кубоги», Миллий гвардия тизимида «Қўмондон кубоги», маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тизимида «Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси кубоги», «Вилоят ҳокими кубоги» ва «Тошкент шаҳри ҳокими кубоги» мусобақалари ўтказилади.

Ўрта махсус, профессионал ҳамда олий таълим ташкилотлари ўқувчи ва талабалари ўртасида уюштириладиган «Баркамол авлод» ва «Универсиада» спорт мусобақаларининг дастурларига спорт курашлари киритилади.

2023/2024 ўқув йилидан Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида спорт курашлари бўйича ўқишга қабул қилишнинг амалдаги давлат буюртмаси параметрларини босқичма-босқич ошириб борилади.

2023 йилдан спорт мактаблари, олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказларида спорт курашларининг камида битта тури бўйича, шунингдек, ихтисослаштирилган спорт мактабларида спорт курашларининг иккита тури бўйича секция ва бўлимлар ташкил этилади.

Спорт курашлари бўйича Ўзбекистон чемпионатлари ва кубокларида иштирок этадиган спортчиларнинг натижалари хорижий малакали ҳакамлар томонидан баҳоланиши йўлга қўйилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер