Кунига бир километр пиёда юриш саломатликка қандай таъсир кўрсатади?

05:03 02 Апрель 2024 Жамият
293 0

Пиёда юриш — жисмоний машқлар орасидаги энг осон ва қулай тури. Юриш саломатлик учун фойдали бўлибгина қолмай, инсоннинг руҳий ҳолатига ҳам ижобий таъсир этади.

Хўш, пиёда юришнинг нафи ҳақида мутахассислар қандай тиббий тавсиялар беради?

— Одам ўзини яхши ҳис қилиши ва ташқи кўринишининг кўркам бўлишида пиёда юришнинг аҳамияти катта, — дейди Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти бўлим бошлиғи, тиббиёт фанлари номзоди Феруза Тоҳирова. — Сабаби яёв юрганда инсоннинг барча мускуллари ҳаракатга келиб, танада моддалар алмашинуви яхшиланади.

Айниқса, эрта тонгда пиёда юриш саломатлик учун жуда фойдали. Чунки бу вақтда ҳаво тоза бўлади, киши кечаси ухлаб, дам олгани сабабидан чарчамасдан 30-40 дақиқа бемалол яёв кезиши мумкин.

Қолаверса, кечки пайт ишдан чиққач, имкон бўлса, йўлнинг бир қисмини пиёда босиб ўтиш, руҳиятга тетиклик бахш этиб, кишини тинчлантиради ва чарчоқни олади.

Шунингдек:

Умр давомийлигини узайтиради. Кўп йиллик тадқиқотлар натижасига кўра, ҳар куни бир ёки ундан ортиқ километр масофани пиёда босиб ўтишга одатланганлар бундай машғулотни хуш кўрмайдиганларга нисбатан 7 йилгача кўпроқ умр кўрар экан. Шунингдек, мунтазам пиёда юриш ёшликни узайтиради.

Моддалар алмашинувини яхшилайди. Юқори қон босими, қанд миқдорининг баландлиги, ортиқча вазн, асабийлик, турли касалликларга тез чалинувчанлик, бош оғриғи, тез чарчаш... Бу рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин ва буларнинг барчасига мунтазам пиёда бериш орқали яхшигина зарба бериш мумкин.

Маблағни тежайди. Бугун юртимизда спорт заллари ва фитнес клублари кўп. Аммо уларга қатнаш учун маблағ керак. Бундан ташқари, велотренажёр сотиб олиб, уйда шуғулланиш учун ҳам пул зарур. Шунчаки пиёда юриш эса йўл-йўлакай ишларни битириш билан бирга, сизни ана шундай харажатлар, энг муҳими, қиммат тиббий муолажалардан халос этади.

Уйқуни яхшилайди, стрессдан ҳимоялайди. Асримизнинг қулоч ёзаётган муаммолари қаторида стресс ва уйқу бузилиши алоҳида ўрин тутади. Уларнинг ҳар иккиси бир-бирига чамбарчас боғлиқ. Мунтазам пиёда юриш ақлий тетиклик билан бирга, жисмоний чарчоққа олиб келади. Бу эса ўз навбатида асабни тинчлантириб, тиниқиб ухлашга ёрдам беради.

Суякларни мустаҳкамлайди. Қатор суяк касалликлари борки, уларда пиёда юриш нафақат бефойда, балки зарарли ва хавфли ҳамдир. Янги жароҳатлар, артритнинг фаол босқичлари шулар жумласидан. Аммо мутлақ кўпчилик учун пиёда юриш суякларни мустаҳкамлашдек муҳим ютуқни келтиради. Таянч-ҳаракат тизимининг соғломлиги эса организмдаги жуда кўп муаммоларнинг олдини олади.

Кўриш қобилиятини яхшилайди. Очиқ ҳавода, истироҳат боғларида, кенг далаларда сайр қилаётган инсон истаса-истамаса, узоқларга тикилади, турли манзараларни томоша қилади. Пиёда юриш ортидан қон айланиши яхшиланиши кўзга ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмайди.

Касалликларнинг олдини олади. Меъёрида, маълум бир масофага пиёда юришнинг ножўя таъсири йўқ, аксинча саломатлик учун фойдали жиҳатлари талайгина. Хусусан, яёв кезиш семизлик, юрак-қон томир хасталиклари, шамоллаш, қандли диабет каби касалликлар ва турли зарарли одатлардан халос бўлишга ёрдам беради.

Шундай экан пиёда юришни одатга айлантиринг ва доимо соғлом бўлинг. 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?