Кучли таъсир қилувчи дориларни ноқонуний савдога чиқариш ҳолатларига чек қўйилди

12:34 18 Июль 2025 Жамият
224 0

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Тошкент шаҳар Чилонзор ва Сергели туманлари бўлимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний савдосига чек қўйилди.

Аниқланишича, «C.Ph.» МЧЖга қарашли дорихона сотувчиси 50 дона, «В.Ҳ.» МЧЖ дорихонаси сотувчиси эса 55 дона «Омнадрен-250» номли, таркибида кучли таъсир қилувчи модда мавжуд бўлган дориларни шифокор рецептисиз сотган. Дорилар умумий ҳисобда 5,1 миллион сўмга реализация қилинаётганда сотувчилар ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Шунга ўхшаш ҳолат Жиззах вилоятида ҳам қайд этилди. Департаментнинг Жиззах вилояти бошқармаси ва вилоят Ички ишлар бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда Самарқанд вилоятида фаолият юритувчи «Х.С.» МЧЖ дорихонаси провизори А.И. 100 дона «Омнадрен-250» номли дори воситасини Жиззах шаҳри, «Сайҳон» маҳалласида яшовчи фуқаро М.Х.га 6,5 миллион сўм эвазига, шифокор рецептисиз сотаётган вақтида ушланди.

Мазкур ҳолатларнинг барчаси бўйича Жиноят кодексининг 186-3-моддаси асосида жиноят ишлари қўзғатилди. Ушбу модда кучли таъсир қилувчи дориларни фақат шифокор рецепти асосида чакана реализация қилиш тартибини белгилайди ва уни бузган шахслар қонуний жавобгарликка тортилиши кўзда тутилади.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Мазкур ҳолатлар дори воситаларини муомалага чиқаришда назоратни кучайтириш ва фуқаролар саломатлигини ҳимоя қилиш заруратини яна бир бор кўрсатмоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ушбу йўналишда ишларни давом эттирмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер