Кучли ирода, бирлик ва ҳамжиҳатлик – фаолиятимиз бош мезони
Бу йил мамлакатимизда муҳим сиёсий жараёнларга бойлиги билан тарихга кирди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг сайловдан кейинги биринчи мажлиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг биринчи ялпи мажлиси ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзодини кўриб чиқишга бағишланган мажлисларида Президентимиз маъруза қилди.
Мустақил диёримиз эртасига дахлдор масалалар кўтарилган, истиқболдаги режалар учун муҳим ташаббуслар муҳокама қилинган Давлатимиз раҳбарининг нутқлари Олий Мажлис ва халқимизга навбатдаги мурожаатнома бўлди, дейиш мумкин.
Президент қонун ижодкорлиги, аввало, жамиятдаги долзарб масалалар ечимига қаратилиши кераклигини таъкидлаб, қатор қонунчилик ташаббусларини илгари сурди. Жумладан, эскирган уйлар ўрнида замонавий турар жойлар қуриш, фуқароларнинг уй-жой қурилишига йўналтирган маблағларини кафолатли ҳимоя қилиш, хусусий таълим ва электр энергетикаси соҳасида инвесторларни қўллаб-қувватлаш, мажбурий тиббий суғурта ва сунъий интеллектни қўллаш, франчайзинг, капитал бозори, “стартап”лар соҳасидаги муносабатларнинг қонуний асосларини яратиш вазифаси қўйилди.
Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Орзигул Қозихонова шу кунларда Фарғонада бўлиб, Президентимиз илгари сурилган ғоя ва мақсадларни кенг жамоатчиликка етказмоқда.
— Юртбошимиз маърузаларида депутат бу халқ хизматчиси, барчага ўрнак бўладиган, сиёсий билими ва онги юксак, ўз Ватанини чин дилдан севадиган инсонлиги таъкидланди, — дейди Сенатор Орзигул Қозихонова. — Дарҳақиқат, оила, маҳалла ва бутун жамиятда тинчлик, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, халқаро майдонда Ўзбекистон манфаатларини қатъий ҳимоя қилишда халқимиз депутатларга таянади. Улар жойлардаги одамларнинг вакили, халқнинг овози. Буюк халқимиз билдирган ишончга муносиб бўлишимиз керак. Ҳар бир масалага ёндашувда, қонунлар ишлаб чиқишда узоқ-яқин туманлардаги инсонларни кўз олдига келтириб, фақат бугунни эмас, келажак авлодларни ҳам ўйлаб иш тутсак, элимиз рози бўлади. Маърузаларидаги бу сўзлар депутат ва сенаторларни халққа янада яқинлаштирди. Халқимизнинг ўз вакилларига ишончини ва қўллаб-қувватлашини таъминлади.
Давра суҳбатида юртдошларимиз ҳаётбахш янгиланишлардан мамнун эканлигини, ислоҳотлар замирида инсонларни рози қилишдек улкан вазифа турганини таъкидлади.
Шоҳсултон Тўхтаматов,
журналист.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Болалар саратонига қарши кураш: халқаро ҳамкорликдаги муҳим қадам
- Абдуқодир Ҳусанов яна бир бор «Реал Мадрид»га қарши ўйнайди
- Ўзбекистоннинг 7 та моддий ва номоддий маданий мерос объектлари AYSESKO рўйхатига киритилди
- Суперлиганинг 2026 йилги мавсуми бошланмоқда
- Ҳар бурчагида тарих яширинган шаҳар — Лондондан фоторепортаж
- «Реал Мадрид» мағлубиятга учради
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг