Куала-Лумпурда ўзбек миллий рақс фестивали бўлиб ўтди

22:42 22 Июль 2022 Дунё
547 0

Фото: "Дунё" АА.

Кеча Ўзбекистон элчихонаси кўмагида Малайзия Менежмент ва фан университетида Ўзбекистонинг «Нурафшон» рақс гуруҳи иштирокида ўзбек миллий рақс санъатига бағишланган халқаро маданият фестивали бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Тадбирда Куала-Лумпурда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари, Малайзия маданият ва санъат намояндалари, университет раҳбарияти, профессор ўқитувчилар ва талабалар иштирок этди.

Фестивалда Ўзбекистоннинг бой маданияти, санъати ва сайёҳлик салоҳияти, республиканинг ноёб маданий-маънавий меросини асраб-авайлаш, тарғиб этиш ҳамда янада ривожлантириш борасида амалга оширилаётган комплекс чора-тадбирлар ҳақида сўз юритилди.

Тадбир доирасида «Нурафшон» ўзбек рақс гуруҳининг ранг-баранг дастури тақдим этилди. Дастурдан анъанавий рақс санъати, ўзбек халқининг анъана ва урф-одатлари, шунингдек, ўзбек миллий либослари намойиш этилди.

Жумладан, ЮНЕСКОнинг Номоддий маданий мероси рўйхатига киритилган афсонавий Хоразм рақси - «Лазги» ижро этилди. Иштирокчилар қадимий Хоразм ҳудудида «Лазги» рақсининг пайдо бўлиш тарихи билан танишди.

Бундан ташқари, тадбир меҳмонларига ҳунармандчилик ва халқ амалий санъати буюмлари, жумладан, ипак матолардан тайёрланган кийим намуналари, кулолчилик, ёғоч ўймакорлик ва наққошлик маҳсулотлари, мисдан ишланган буюмлар, миниатюра асарлари, халқ амалий санъати намуналари, шунингдек, анъанавий мусиқа асбоблари тақдим этилди.

Университет асосчиси ва президенти Моҳд Шукри Малайзия ва Ўзбекистон халқларининг маданий муштараклиги, анъаналари ҳамда маънавий қадриятлари яқинлигини алоҳида қайд этди. Унинг айтишича, мамлакатларимиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги тадбирлари доирасида Малайзияда ўзбек санъати ва маданиятини тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилган ушбу тадбир ўз вақтида ўтказилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер