Кўзи ожизлар учун кутубхоналар биноларини қуриш ишлари ҳамон якунланмаган

17:50 29 Октябр 2019 Жамият
1011 0

Иллюстратив фото

2019 йил 29 октябрь куни Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди.

Сенаторлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг ҳамда Маданият вазирлигининг 2019 йилнинг тўққиз ойи давомидаги фаолияти юзасидан ҳисоботлари эшитилди. Бу ҳақда юқори палата ахборот хизмати хабар берди.

Мажлисда Қўмита аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Таъкидланганидек, 2019 йил давомида Инновацион ривожланиш вазирлиги зиммасига 42 та вазифа юклатилган. Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган ўрганишлар натижасида 2019 йилнинг ўтган даврида ушбу топшириқларнинг аксарияти белгиланган муддатларда бажарилганлиги аниқланди.

Хусусан, тегишли вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида халқаро нашрларда маҳаллий олим ва мутахассисларнинг илмий натижаларини, мақолаларини чоп этишга тайёрлаш ишларига кўмаклашиш бўйича “Proоfreading Service” хизмати йўлга қўйилган.

Шунингдек, иқтисодиёт тармоқлари муаммоларини комплекс равишда ҳал этиш, республика ҳудудларидаги илмий-техник ва инновацион фаолият натижаларини тижоратлаштириш мақсадида инновацион ишланмалар базаси шакллантирилган. Жумладан, соғлиқни сақлаш соҳаси, қишлоқ хўжалиги, саноат, таълим каби йўналишларда 270 дан ортиқ инновацион ишланма тайёрланган. Тижоратлаштирилаётган инновацион ишланмаларнинг сони 81 тага етказилиб, ҳудудлар кесимида 33 та лойиҳа амалга оширилган.

Давлат илмий-техника дастурлари доирасида инновацион лойиҳаларни молиялаштиришда хусусий сектор иштирокини кучайтириш борасидаги вазифалар ижроси юзасидан умумий қиймати 24,2 млрд. сўмга тенг 110 та инновацион лойиҳа молиялаштирилишида хусусий сектор иштироки 40,1 фоизни ташкил этиши таъминланган. Бундан ташқари, стартап лойиҳалар танлови эълон қилиниб, ғолиб сифатида 17 та лойиҳага 15,1 млрд. сўм маблағ ажратилган.

Шу билан бир қаторда, айрим вазифалар белгиланган муддатларда бажарилмаганлиги қайд этилди. Хусусан, 2019 йилнинг учинчи чораги давомида ижро этилиши белгиланган 16 та топшириқнинг 4 таси муддатидан кечиккан ҳолда бажарилаётганлиги маълум бўлди.

Шу муносабат билан Инновацион ривожланиш вазирлиги фаолиятининг самарадорлигини ошириш мақсадида Қўмита аъзолари томонидан қатор тавсиялар билдирилди. Жумладан, “Инновацион фаолият тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасини қисқа муддатларда Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасига киритиш, минтақавий ва халқаро даражаларда кластерларни яратиш стратегияси ва дастурлари асосида тузилмаларни ривожлантириш бўйича ягона концепция тасдиқланишини таъминлаш лозимлиги таъкидланди.

Шунингдек, Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси мажлисида қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг жорий йил давомидаги фаолиятида 44 та мақсадли вазифа амалга оширилиши белгиланган, шундан 26 таси жорий йилнинг I-Ш чоракларида бажарилиши лозим эди. Уларнинг ижросини таъминлаш мақсадида вазирлик томонидан муайян ишлар амалга оширилган. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳужжатларини расмийлаштириш мақсадида жами 5430 та маданий мерос объектининг манзилли рўйхати тузилган ва тасдиқланган.

2019 йил давомида мамлакатимиз театрларида саҳналаштирилиши режалаштирилган 55 та тарихий, 60 та миллий драма асари танлаб олинган. Вазирликнинг репертуар-таҳририят шўъбаси томонидан 80 дан ортиқ саҳна асарига тавсиявий хулосалар берилган.

Маданият вазирлигининг хайрия томошаларини ташкил қилиш бўйича алоҳида режа-жадвали тасдиқланган ҳамда театр жамоаларининг маҳаллий ва хорижий гастрол сафарлари ташкил этилган.

Ҳудудлардаги болалар мусиқа ва санъат мактабларида 4045 нафар олий маълумотли мутахассис ўқитувчига эҳтиёж борлиги аниқланган, камида уч йил меҳнат стажига эга 5131 нафар мутахассиснинг рўйхати шакллантирилган. Болалар мусиқа ва санъат мактаблари учун педагог кадрларни тайёрлаш бўйича Ўзбекистон давлат консерваториясида махсус сиртқи бўлим очилган.

Мажлисда вазирлик томонидан айрим вазифалар белгиланган муддатларда бажарилмаганлигига урғу берилди. Жумладан, давлат-хусусий шериклик асосида 50 та истироҳат боғи фаолиятини йўлга қўйиш белгиланган бўлиб, бугунга қадар тадбиркорлик субъектларининг бизнес-режа лойиҳалари вазирликнинг тегишли бошқармалари томонидан ҳалигача кўриб чиқилмоқда. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Сирдарё вилоятларида кўзи ожизлар учун кутубхоналар биноларини қуриш ишлари олиб борилиши муддати 2019 йилнинг I-III чораклари этиб белгиланган бўлса-да, бунинг ижроси ҳам таъминланмаган.

Муҳокама натижалари бўйича Маданият вазирлиги зиммасига юклатилган барча вазифаларнинг сўзсиз ижросини таъминлаш юзасидан амалий тавсиялар билдирилди.

Мажлисида кўриб чиқилган масалалар бўйича Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер