Косонсойда 8-синф ўқувчиси минитрактор яратди

16:57 07 Июнь 2021 Жамият
902 0

Наманган вилояти Косонсой туманидаги 54-умумтаълим мактабининг 8-синфини тугаллаётган Муҳаммадсодиқ Абуҳалимовнинг аниқ фанларга қизиқиши техник ихтироларга бошлади.

У бир йилдирки, отаси Умаржон Йўлдошев кўмагида минитракторлар тайёрлаб келмоқда. Йигитча яратган трактор ёрдамида ер ағдариш, чопиқ ва бошқа агротехник юмушларни бемалол бажарса бўлади. Бундай ихчам техника унча катта бўлмаган фермер ва деҳқон хўжаликлари, айниқса, томорқа эгалари учун жуда қулай. Ҳар бир тракторни тайёрлашга кетадиган харажат унча кўп эмас- узоғи билан 10-12 миллион сўмга боради. Ихчам, қулай ва шунга яраша иш самарадорлиги ҳам яхши бўлган техникани 20 – 21 миллион сўм атрофида сотилаётир.

Ота ва ихтирочи ўқувчи ўтган қисқа вақтда 8 та қишлоқ хўжалик машинасини тайёрлаб сотувга чиқаришди. Харидорлар асосан, Фарғона, Андижон вилоятларидан, яқинда минитракторлардан бирини Тошкент вилоятининг Паркент туманидан келиб олиб кетишди.

Ёш тракторсоз оиласи топаётган даромадга ҳам барака кириб қолди. Шу кунга қадар сотилган мини тракторлардан келган фойда ҳисобига «Спарк» автомашинаси харид қилишди. Шунга айтишса керакда, «Бўладиган бола бошидан маълум» деб.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ

«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?