Косонлик эр-хотин 25 йил деганда никоҳ гувоҳномасини олишди

18:23 24 Март 2023 Жамият
252 0

Фото: Халқ сўзи

Қашқадарё вилояти Косон тумани Жиззалик маҳалласида истиқомат қилувчи Парда Холниёзов ва Раъно Қодирқулова бундан 25 йил аввал турмуш қуришган. Бироқ ўша пайтда қандайдир сабаб билан расмий никоҳ қайд этилмаган.

Қизиғи, ўтган вақт давомида никоҳни расмийлаштириш ҳар сафар кейинга қолаверган. Ваҳоланки, бунга монелик қиладиган ҳеч бир тўсиқ йўқ эди. Натижада оиланинг ҳужжат ишлари билан боғлиқ муаммолари кўпайса кўпайдики, асло камаймади.

Ниҳоят Парда Холниёзов ва Раъно Қодирқулова барча керакли ҳужжатларни йиғиб, туман Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш идорасига ариза билан мурожаат этишди ва уларнинг никоҳи расман қайд этилиб, никоҳ тузилганлиги ҳақидаги гувоҳнома топширилди.

— Қолган ишга қор ёғар, деганларидек, биргина бепарволигимиз, ҳужжатларни ўз вақтида расмийлаштириб қўймаганимиз сабаб эр-хотин иккаламиз жуда кўп муаммоларга дуч келганмиз, — дейди Парда Холниёзов. — Асосийси, кеч бўлсада, никоҳ гувоҳномасини олдик. Энди оиламизга оид барча ҳужжатларни қайтадан тўғрилаб чиқишимиз керак.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?