Коррупцияни «мукофот», «лой», «улуш» дейишмасин, барибир моҳияти ўзгармайди

12:01 09 Март 2021 Жамият
110 0

Бугунги кунда юртимизда коррупцияга қарши курашиш, уни давлат ва жамият ҳаётидан суғуриб ташлаш борасида жуда кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Коррупциянинг туб илдизлари жуда қадим даврларга бориб тақалади. Коррупция атамаси ҳақида турли қарашлар мавжуд. Масалан, Афлотун ва Арасту коррупцияни сиёсий категория, Н.Макиавелли давлат умумий касаллигининг кўрсаткичи, Ж.Монтеске эса уни дисфункционал жараён эканлиги сабабли яхши сиёсий тартиб ёки тизим яроқсиз бўлиб қолади, деб баҳолашган.

Коррупция давлат ҳокимияти органларидан жамиятни узоқлаштириб давлатчиликнинг туб илдизларига болта уради. Чунки жамиятда давлат ташкилотлари ва идораларига бўлган ишончнинг йўқолиши бу давлатнинг механизм ва барча даражадаги тузилмаларининг яроқсиз ҳолга келтириб қўяди. Табиатда эътибор берган бўлсангиз, қайси жойда ботқоқлик мавжуд бўлса, ўша ерда пашшалардан тортиб энг заҳарли ҳашаротларгача пайдо бўлади, аммо сиз қанчалик ҳашаротларни йўқотишга уринманг барибир кўпайиб бораверади, бунда энг самарали усул ботқоқни тозалашдир. Шунда ўз-ўзидан ҳашарот ва зараркунандалар ҳам йўқола бошлайди. Тўғри у ёки бу соҳада айнан коррупцион ҳолат мавжуд деб ҳеч ким ишонч билан айта олмайди, аммо ҳар қандай ташкилот ёки тузилма билан аввало халқ иш олиб боради. Демак, ушбу ҳолатлар бўйича жамоатчилик назорати деган тушунча ниҳоят ўринли ва самарали натижалар бериши мумкин.

Демак, соҳалар кесимида қайси соҳада коррупцион ҳолатлар мавжуд бўлса, ўша соҳалар бўйича жамоатчилик назорати ва журналистик суриштирув кучайтирилса яхши натижа бериши мумкин. Коррупция биринчи навбатда демократик институтлар фаолиятига салбий таъсир кўрсатувчи омилдир. Демократик институтлар кучайиб борар экан, барча давлат ташкилотларини жамоатчилик назорати асосида бошқара олиш имконияти вужудга келади. Бугунги кунда республикамизда сўз эркинлигини таъминлаш борасида эътироф этишга арзирли натижаларга эришилди. Бу ишлар ўз самарасини бераётганлигига журналист ва блогерларни анча фаоллашгани, ташкилотлар ва идоралар фаолиятидаги баъзи ноҳақлик ва адолатлатсизликларни ёритиб беришаётгани таҳсинга сазовордир.

Коррупцияга қарши курашда ривожланган давлатлар тажрибасидан фойдаланиш жуда яхши самара беради. Мисол учун, Сингапур Республикаси деганда ҳамманинг кўз ўнгида жуда кучли иқтисодий, сиёсий ва бозор иқтисодиётига асосланган қудратли давлат гавдаланади. Мазкур давлатда коррупциянинг ҳар қандай кўриниши билан муросасиз кураш олиб борган. Мазкур давлатнинг Коррупцияга қарши тузилган стратегиясига назар солинса, коррупцияга қарши курашда муҳим йўналишлар: порахўрларни давлат аппаратидан чиқариб юбориш; давлат хизматларини максимал даражада соддалаштириш; аниқланган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича жазо чораларини кучайтиришга қаратилган.

Ўзбекистонда ўлим жазосининг бекор қилинганлигини инобатга олиб, пора миқдорига қараб жазо бериш самарали ва адолат йўл бўлади. Коррупция бозор иқтисодиёти ривожи ва тадбиркорликни ривожлантиришга тўсиқ бўлувчи асосий омилдир. Олдини олиш, давлат ҳокимияти органларида шаффофликни таъминлаш борасида кадрлар масаласи ҳам жуда катта аҳамиятга эга бўлган масаладир.

Коррупцияни маҳаллий халқ тилида «улуш», «мукофот», «лой» каби ҳар қандай жаргон сўзлар билан аташмасин, моҳияти ўзгармайди. 

Шиддат билан ўзгариб бораётган даврда Ўзбекистон халқаро майдонда ўз имижини яратиш борасида бутун халқ ва давлат жипслашиб ҳаракат қилаётган бир пайтда, қандайдир моддий манфаатларни кўзлаб, шахсий эҳтиёжини давлат ва жамият манфаатидан устун қўйишга, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрўсига путур етказишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ.

Ҳуқуқий демократик давлатнинг кўзи ҳам, сўзи ҳам, иши ҳам аниқ белгиланган қонунлар асосида олиб борилади. Ўзбекистоннинг нурли келажаги порлоқ истиқболи йўлида қўлни қўлга бериб, бир тану бир жон бўлиб, матонат кўрсатиб ҳаракат қилсаккина ўз кўзлаган мақсадларимизга эриша оламиз.

С.Кушшаев,
Пешку туманлараро иқтисодий суди раиси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?