Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг сохта ходимига нисбатан жазо тайинланди

21:18 06 Февраль 2021 Жамият
574 0

Жорий йилнинг 21 январь куни Самарқанд вилоятида истиқомат қилувчи фуқаро М.С. ушбу ҳудуддаги олий таълим муассасаси раҳбариятига қўнғироқ қилиб, ўзини Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ходими сифатида таништириб, мазкур университет талабаси — таниши Д.Ю. ҳамда гуруҳнинг бошқа 17 нафар талабасига чет тили фани бўйича ўтказилаётган давлат имтиҳонидан қониқарли баҳо қўйишни талаб қилади.

Фуқаронинг ушбу ноқонуний талаби олий таълим муассасаси томонидан қондирилмагач, фуқаро М.С. такроран қўнғироқ қилиб, ушбу вазиятни зудлик билан ижобий ҳал қилишни, акс ҳолда масъуллар Тошкент шаҳрига чақиртирилиши билан таҳдид қилади.

Жорий йилнинг 29 январь куни мазкур ҳолат юзасидан Коррупцияга қарши курашиш агентлигига мурожаат келиб тушди ҳамда фуқаро М.С.нинг ноқонуний хатти-ҳаракатларига нисбатан қонуний чора кўриш сўралди.

Шу муносабат билан, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда тегишли идоралар томонидан ўтказилган терговга қадар текширув давомида фуқаро М.С.нинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари тўғрисида олинган дастлабки маълумотлар ўз тасдиғини топди.

Ҳолат юзасидан жорий йилнинг 3 февраль куни Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судида мазкур иш кўриб чиқилди. Бу ҳақда Агентлик ахборот хизмати хабар берди.

«Суд жараёнида М.С. ва Д.Ю. айбига иқрор эканликлари, мазкур ноқонуний хатти-ҳаракатларни аввалдан тил бириктирган ҳолда амалга оширганликларига иқрор бўлиб, ҳозирда қилмишидан пушаймонлигини билдириб ўтишди.

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг қарори билан фуқаролар М.С. ва Д.Ю. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 197-5-моддаси 1-қисми билан айбли деб топилиб, тегишли жазо тайинланди.

Шу муносабат билан, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги барча юртдошларимиздан ўзини Агентлик ходими сифатида таништириб, бирор нарса тама қилувчи, хизмат буюрувчи ёки бошқа ноқонуний хатти-ҳаракатларни амалга оширувчи фуқароларга дуч келганда Агентликнинг 71 202 04 00 (715) телефон рақами орқали ҳолат ҳақида зудлик билан хабар беришларини сўрайди» дейилади хабарда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?