Коррупцияга қарши ички назорат тузилмаларининг вазифалари белгиланди

23:48 09 Сентябр 2021 Жамият
309 0

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 июлдаги «Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ 2021 йил 1 октябрдан бошлаб барча давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларида коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти йўлга қўйилиши белгиланган.

Мазкур топшириқ Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги (бундан буён матнда Агентлик деб юритилади) зиммасига юклатилган.

Ички назорат тузилмалари коррупция ҳолатларини барвақт аниқлаш ва олдини олиш, уларнинг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик ҳамда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш чораларини кўришга масъул ҳисобланади.

Шунга кўра, Агентлик директорининг «Коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти тўғрисидаги намунавий низомни тасдиқлаш тўғрисида»ги буйруғи 2021 йил 8 сентябрь куни давлат рўйхатидан ўтказилди.

Низом билан Коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари ўз фаолиятида бевосита ташкилотнинг биринчи раҳбарига (кузатув кенгашига) бўйсуниши белгиланди. Бу ўз навбатида, Коррупцияга қарши ички назорат тузилмасининг бошқа таркибий бўлинмалардан мустақил равишда фаолият юритишини таъминлайди.

Коррупцияга қарши ички назорат тузилмаси раҳбарлари тегишли ташкилот томонидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан биргаликда ўтказиладиган очиқ танлов асосида ишга қабул қилинади. Бу эса ушбу тузилмаларга энг муносиб кадрлар хизмат қилишига замин яратади.

Мазкур тузилмалар раҳбарлари Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг розилигисиз лавозимдан озод этилишига йўл қўйилмайди ва тузилмалар мустақиллиги таъминланади.

Қуйидагилар Назорат тузилмаларининг асосий вазифалари ҳисобланади:

- ташкилотнинг коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятини такомиллаштириш;

- ташкилотда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш ва уларга қарши курашиш;

- ташкилотда коррупцияга қарши курашиш тизимини самарали ишлашини таъминлаш ва назорат қилиш;

- коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ҳамда унда иштирок этувчи бошқа давлат органлари ва ташкилотлари билан ҳамкорликни олиб бориш.

Ушбу вазифаларни амалга ошириш учун низом билан Коррупцияга қарши назорат тузилмасига қатор ҳуқуқлар тақдим этилиб, мажбуриятлар юкланди. Хусусан, назорат тузилмаси ходимлари текширувлар ўтказиши, ҳужжатларни талаб қилиши, ходимлардан ёзма тушунтиришлар олиши мумкин. Ташкилот тизимида жиноят аломатлари, хусусан коррупция ҳолатлари аниқланган ҳолларда зудлик билан тўғридан-тўғри юқори турувчи орган, Агентлик ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар беради.

Низом билан, назорат тузилмаси фаолиятининг натижадорлиги ва мақсадли кўрсаткичларининг баҳоланиши ҳамда уларни назорат қилиш Агентлик томонидан амалга оширилиши белгиланди.

Мазкур низомнинг қабул қилиниши давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш бўйича ISO37001:2016 халқаро стандарти талабларига жавоб берувчи комплекс тизимни жорий этиш ва ривожлантиришга кўмак беради. Бу эса ўз навбатида, коррупциявий ҳолатларни барвақт аниқлаш ва уларнинг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш, коррупциявий хатти-ҳаракатлар содир этилишининг олдини олиш, коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳужжатлар ижросини сўзсиз таъминлашга хизмат қилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?