Коронавируснинг «кентавр» деб номланган янги мутацияси тарқалмоқда. У қанчалик хавфли?

12:35 14 Июль 2022 Дунё
632 0

Фото: Иллюстратив фото

Шу кунларда дунё вирусологлари коронавируснинг BА.2.75 деб аталган янги мутацияси жаҳон бўйлаб кенг тарқалишидан жиддий хавотирда.

«Кентавр» номи билан ҳам юритилаётган ушбу кичик штамм илк бор июнь ойи бошида Ҳиндистонда аниқланганди. Ўшандан бери бу ерда касалланишлар сони кескин ошди.

Масалан, ҳинд диёрида жорий йилнинг 1 июнь санасида 3700 кишида COVID-19 қайд этилган бўлса, айни пайтга келиб кунига ўртача 17 минг беморга коронавирус ташхиси қўйиляпти.

Ташвишланарли жиҳати, BА.2.75 жуғрофияси кун сайин кенгайиб бормоқда. Ҳозирга қадар у Ҳиндистондан ташқари, Япония, Германия, Буюк Британия, Канада, АҚШ, Австралия ва Янги Зеландияда ҳам рўйхатга олинди.

Тадқиқотчилар ушбу вирус турини «иккинчи авлод»га мансуб субвариант сифатида баҳолашяпти. Чунки у «омикрон»нинг BА.2 версияси мутацияга учраши оқибатида ҳосил бўлган.

Айни пайтда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти янги вариантни диққат билан кузатиб бормоқда. Аммо унинг жиддийлигини баҳолаш учун ҳали етарли намуналар йўқлиги айтиляпти.

Европа олимлари эса BА.2.75 «омикрон»нинг аввалги версияларига нисбатан юқумлироқ ва янада оғир асоратларни келтириб чиқариши мумкин, деган фикрда.

Чунки бу инфекция тури BА.2 билан солиштирилганда, саккизта қўшимча оқсил мутациясига эга. Шундан келиб чиқиб, BА.2га қарши ҳосил бўлган иммунитет BА.2.75 га нисбатан самара бермаслиги эҳтимоли юқори.

Содда қилиб айтганда, «омикрон»нинг BА.2 варианти билан хасталаниб, соғайган одам BА.2.75 ташувчиси билан алоқа қилса, қайта касалланиш хавфи мавжуд.

Шунга қарамай, бугунги кунда коронавирусга қарши қўлланилаётган вакциналар хасталикни енгишда энг самарали чора сифатида эътироф этилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер