Коронавирусга қарши курашиш тадбирлари учун қўшимча 1,3 трлн. сўм ажратилади

14:24 21 Октябр 2021 Сиёсат
350 0

Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисида «2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги Қонун кўриб чиқилди.

Маълумки, республикамизда амалга оширилаётган янгиланишлар, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар жараёнларини изчил давом эттириш, макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳкамлаш, коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш ҳамда аҳоли фаровонлигини юксалтириш мақсадида Президентнинг қатор Фармон ва қарорлари қабул қилинган. Ўз навбатида, бу борада давлат дастурлари ҳаётга татбиқ этилган. Уларда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш эса қўшимча молиялаштириш манбаларини талаб қилмоқда.

Шу мақсадда 2021 йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги қонунга, давлат мақсадли жамғармалари ҳамда республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган маблағларнинг чекланган миқдорлари бўйича ўзгартиш киритилмоқда.

Хусусан, инвестиция дастурларига 6,0 трлн. сўм, айрим муассасаларга киритилган қўшимча штат бирликларини молиялаштириш учун 1,4 трлн. сўм ҳамда мудофаа ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни сақлаш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш харажатларига 1,4 трлн. сўм ажратилиши белгиланмоқда.

Шунингдек, жорий йилда коронавирусга қарши курашиш тадбирлари учун режалаштирилган 3,0 трлн. сўм маблағ тўлиқ ишлатилганлиги туфайли қўшимча маблағ захирасини яратишга 1,3 трлн. сўм ажратилади.

Қонунда давлат-хусусий шериклиги асосида мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш учун имтиёзли кредитлар бериш ҳамда болалар қамрови ортганлиги сабабли 1,1 трлн. сўм қўшимча субсидия ажратиш, қолаверса, «Янги Андижон» шаҳарчасини барпо этиш ва Андижон вилоятида тадбиркорликни ривожлантиришга 1,3 трлн. сўм маблағ йўналтириш назарда тутилган.

Таъкидлаш жоизки, Қонун билан ушбу қўшимча харажатларни қоплаш манбалари ҳам белгилаб берилмоқда.
Амалга оширилиши режалаштирилаётган ана шу тадбирларнинг Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари тақчиллигининг тасдиқланган миқдори доирасида бўлиши ҳам назарда тутилган.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер