«Кўрфаз Араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши — Марказий Осиё» Стратегик мулоқотининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди

08:13 08 Сентябр 2022 Сиёсат
805 0

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати

2022 йил 7-сентябрь куни Ар-Риёд шаҳрида «Кўрфаз Араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши - Марказий Осиё» Стратегик мулоқотининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Тадбирда Кенгашга аъзо давлатлар — БАА, Баҳрайн, Саудия Арабистони, Қатар, Кувайт, Уммон ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари - Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари иштирок этди.

Учрашувда сиёсат, хавфсизлик, савдо ва инвестициялар, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, ёшлар ва спорт соҳаларида Кенгашга аъзо мамлакатлар ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.

Мамлакатимиз делегацияси раҳбари, ташқи ишлар вазири в.б. Владимир Норов ўз нутқида Кенгашга аъзо давлатлар билан алоқаларни ривожлантириш Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлигини таъкидлади.

Кенгаш ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни фаоллаштириш мақсадида Ишбилармонлар кенгашини тузиш, транспорт соҳасида лойиҳаларни амалга ошириш, шу жумладан Термиз – Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар темир йўли қурилишини жадаллаштириш, шунингдек транспорт вазирлари йиғилишлари форматини йўлга қўйиш бўйича таклифлар билдирилди.

Биргаликда клиникалар фаолиятини йўлга қўйиш, фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ташкиллаштириш, олий ўқув юртлари ва касб-ҳунар таълими марказларининг филиалларини очиш, илмий ва академик алмашинувларни жадаллаштириш, инновацион ишланмалар ва стартапларни қўллаб-қувватлашнинг муҳимлиги қайд этилди.

Кенгаш ва Марказий Осиё мамлакатларининг умумий меросини асраб-авайлаш мақсадида ҳамкорликда кўргазма ва конференцияларни ташкил этиш, қўлёзма фондини рақамлаштириш ва қўшма виртуал кутубхоналарни яратиш, музейларнинг бевосита алоқаларини рағбатлантириш, тарихий-археологик тадқиқотлар ўтказишни назарда тутувчи қўшма тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш юзасидан ташаббуслар билдирилди.

Учрашув иштирокчилари эътиборига Афғонистондаги вазият ҳақида маълумот тақдим этилди. Делегациялар Ўзбекистоннинг Афғонистонга гуманитар ёрдам кўрсатиш ва мамлакатда йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳоладилар. Жорий йилнинг июль ойида бўлиб ўтган «Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий ривожланиш» халқаро конференциясининг амалий аҳамияти қайд этилди.

«Кўрфаз Араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши - Марказий Осиё» Стратегик мулоқотининг иккинчи йиғилишини 2023 йили Самарқанд шаҳрида ўтказиш таклиф қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер