Корея компанияси Қўқонда янги шаҳарча бунёд этади

11:58 28 Сентябр 2022 Жамият
480 0

Фото: Халқ сўзи

Кореянинг “Hanshin Engineering & Construction” компанияси Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида замонавий шаҳарча бунёд этишни режалаштирмоқда.

Куни кеча Фарғонага ташриф буюрган компания бошқаруви раиси Чхве Ён Сон бошчилигидаги делегация вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров билан учрашди. Унда “Hanshin Park City” шаҳарчаси лойиҳасини амалга ошириш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Лойиҳа қиймати 250 миллион доллар бўлган инвестициявий келишув доирасида Қўқон шаҳрида 9, 12 ва 16 қаватли 5122 хонадондан иборат 127 та кўп қаватли турар-жой биноси, таунхауслар, марказий парк, мактаб, болалар боғчаси ва бошқа зарур ижтимоий объектлар қурилади. Турар-жойларнинг ертўла қисмида 5000 дан зиёд автомашиналар учун ерости автотураргоҳлари ўрин олади. Уч йиллик режа асосида амалга ошириладиган лойиҳанинг илк босқичида 206 та хонадондан иборат 6 та 9 қаватли турар-жой биноси қуриб битказилиши кўзда тутилмоқда.

Самимий мулоқотда компания раҳбари яқин вақт ичида лойиҳанинг тамал тоши қўйилиши маросимида ҳам иштирок этишига ишонч билдирди. Шунингдек, мулоқот чоғида Чхве Ён Сон бошчилигидаги делегация аъзолари Фарғона вилоятида логистика, туризм ҳамда кўчмас мулк соҳаларига ҳам инвестиция киритиш имкониятини ўрганишларини маълум қилишди.

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер