“Кўплар ZOOM орқали дарс ўтишни масофавий таълим деб билади". Бош прокуратура Академиясида янгича платформа яратилди

00:39 24 Ноябрь 2020 Жамият
905 0

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академиясида  ОАВ учун пресс-тур бўлиб ўтди.

Унда Академияда ўқув жараёнининг ташкил этилиши, прокурор ходимларнинг малака ошириши ва сўнгги технологияларнинг жорий этилиши ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Академия ташкил топганидан сўнг академик таълим ва амалиёт ўртасидаги мавжуд бўшлиқларни тўлдириш, прокуратура органларини прокурор-тергов фаолиятининг турли йўналишлари бўйича зарур кўникма ва компетенцияларга эга бўлган кадрлар билан таъминлаш имконини берадиган прокуратура органларида лавозимларни эгаллашга номзодларни касбий қайта тайёрлашнинг мутлақо янги модели яратилди. Прокуратура органларида раҳбарлик лавозимларини эгаллаш учун захирада турган кадрларни касбий қайта тайёрлаш модели ҳам қайта кўриб чиқилиб, босқичма-босқич замонавийлаштирилди.

Прокуратура органлари ходимларининг касбий маҳоратини ошириш ва прокурор-тергов фаолиятининг илғор натижаларини ўзлаштириш, таҳлилий ва танқидий фикрлаш қобилияти, ҳуқуқий таҳлил, хорижий тилларни билиш  ва касбий фаолиятда муваффақиятларга эришишга кўмаклашувчи бошқа кўникмаларни шакллантиришга қаратилган малака ошириш дастури модернизация қилинди.

Ходимнинг бутун фаолияти давомида узлуксиз ва тизимли таълим олишини таъминлаб берадиган малака ошириш тартиби жорий этилиб, унга кўра прокуратура органларининг ҳар бир ходими уч йилда камида бир марта, давомийлиги бир ойдан кам бўлмаган малака ошириш курсида таҳсил олади.

Ўқув дастурлари ҳам қайта алоқа материалларининг таҳлили, хусусан амалиётда мавжуд тизимли камчиликлар, ҳуқуқни қўллаш амалиётининг асосий муаммоларини умумлаштириш натижаларини ўзида акс эттирган.

Академиянинг олдига қўйилган асосий вазифалардан бири сифатида давлат органлари ва ташкилотлар ходимларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятининг бошқа масалалари бўйича малакасини оширишнинг белгиланиши алоҳида аҳамиятга бўлган янгилик бўлди.

Ўтган давр мобайнида 6 000 нафарга яқин ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва давлат хизматчилари Академияда таҳсил олди.

Қайд этилишича, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб Академияда магистратура мутахассисликлари бўйича кадрлар ва республикада илк маротаба Академия магистратураси негизида «Прокурорлик фаолияти» ва «Тергов фаолияти», шунингдек мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар замирида энг долзарб ва юқори талабга эга бўлган «Коррупцияга қарши курашиш» мутахассислиги бўйича тор доирадаги мутахассислар тайёрлашга асос солинди.

Академиянинг ўқув жараёнига амалиётга асосланган ва компетенциявий ёндашув жорий этилиб, фаолиятнинг барча соҳалари рақамлаштирилиши замонавий ахборот-таълим муҳитида инновацион узвийликка ўтиш ҳамда электрон (масофавий) таълим механизмларини тўлиқ жорий этиш имкониятини берди.

“Академия мутахассислари томонидан «ProAcademy» ахборот-таълим электрон портали ишлаб чиқилган ва Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлигидан муаллифлик гувоҳномаларини қўлга киритди. Бу портал бутун Академияни фаолиятини рақамлаштирган. Ҳозирда бутун фаолиятимиз рақамда. Бу платформада моодлелар бор. Масалан электрон таълим. Биргина 2019 йилда деярли 7 минг кишини ўқитдик. Солиштирадиган бўлсак, 2007-2017 йиллар 4 минг киши, биргина 2019 йилда 7 минг. Бу натижага на сифатни пасайтириш ҳисобига, на ўқув юкламаси тушиши ҳисобига эришилмаган. Биз ўзимизнинг стандартлар асосида ўқитдик.

Кўплар ZOOM орқали дарс ўтишни ўзини масофавий таълим жорий этилиши деб билади. Бу электрон таълимнинг 5 фоизи ҳам эмас. Бу жараёнда ўқувчи ўзи хоҳлаган вақтда дарсга кириши, ўзи хоҳлаган вақтда ўқишига имкон яратилади”, дейди Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академияси бошлиғи Евгений Коленко.

Қайд этилишича, коронавирус инфекцияси тарқалишига оид эпидемиологик ҳолат билан боғлиқ карантин чоралари жорий этилиши натижасида Академияда барча йўналишлар бўйича таълим дастурлари тўлиқ масофавий таълим режимига ўтказилди. Евгений Коленкога кўра, Академияда жорий этилган платформада ҳеч қандай инсон омили иштирок этмайди.

«У ўзи таҳлил қилиб, инфографика асосида баҳолайди. Унда нечта одам кўргани, нечта одам охиригача, қанчаси биринчи беш дақиқани кўриб ўчириб қўйди, барчасини кўрсатиб беради», дейди у.

Академия қўшма илмий тадқиқотлар ўтказиш, норматив-ҳуқуқий, методик ва таҳлилий хусусиятга эга бўлган маълумотларни алмашиш, педагог, илмий ходимлар ва тингловчиларнинг стажировкаларини тизимли равишда ташкил этиш соҳаларида фаол ва самарали халқаро ҳамкорликни амалга ошириб келмоқда. Ҳозирга қадар 30 дан зиёд етакчи илмий ва таълим муассасалари билан мустаҳкам ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди, 20 нафар хорижий мутахассис узоқ муддатли асосда ўқув жараёнига жалб қилинди.

2019 йилда Академиянинг замонавий техник воситалар билан жиҳозланган етарли аудитория фондига эга бўлган янги биноси фойдаланишга топширилди. Махсус хоналар (полигонлар) суд жараёнларини моделлаштириш, ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш ва бошқа амалий машғулотларни ҳақиқий шароитларга яқинлаштирилган ҳолда ўтказиш имконини беради. Тергов ва тезкор-қидирув тадбирларини ўтказиш бўйича амалий ва махсус кўникмаларни шакллантириш мақсадида вазиятли ўқув машғулотлар тизимли равишда ташкил этиб келинмоқда.

Академиянинг 13 мингдан ортиқ адабиётлар фондига эга бўлган Ахборот-ресурс маркази Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, илмий ресурсларнинг йирик агрегатори EBSCO publishing, E-library Илмий электрон кутубхонаси, Asian Journal of Comparativ Law, ProQuest диссертация ва диплом ишлари базасига уланган бўлиб, шунингдек Академияга Scopus, Mendeley, ScienceDirekt ва Springer Nature ахборот платформалари ва ресурсларидан фойдаланиш имконияти яратилди.

Академияда уч мутахассислик бўйича фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) илмий даражаларини бериш бўйича Илмий кенгаш фаолият кўрсатади. Республикамизда биринчи бўлиб «12.00.07 – Суд ҳокимияти. Прокурор назорати. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятини ташкил этиш. Адвокатура», шунингдек 12.00.12 – «Коррупция муаммолари» мутахассисликлари бўйича илмий даражаларини бериш бўйича илмий кенгашлар фаолияти айнан Академияда ташкил этилганлиги муҳим аҳамият касб этади.

Академиянинг олий ўқув юртидан кейинги таълим институти томонидан илмий кадрлар тайёрлаш фаолияти амалга оширилиб, унда бугунги кунда 12 нафар докторант ва 38 нафар мустақил изланувчи илмий-тадқиқот фаолияти билан шуғулланмоқда.

Суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолияти соҳасида идоралараро илмий тадқиқотларни амалга ошириш ва уларни мувофиқлаштириш мақсадида Академия ташаббуси билан ҳуқуқ фани тарихида биринчи марта ИИВ, ДХХ, ДБҚ, ДСҚ, Адлия вазирлиги, Миллий гвардия ҳамда Судьялар олий кенгаши таълим муассасаларидан ташкил топган Илмий-тадқиқот консорциуми ташкил этилди.

Академиянинг профессор-ўқитувчилар таркиби томонидан 150 дан ортиқ ўқув, услубий ва амалий қўлланмалар, монографиялар ва бошқа махсус адабиётлар тайёрланди ва чоп этилди.

Академия жамоаси 18 та халқаро лойиҳани, шунингдек Инновацион ривожланиш вазирлигининг илмий-техник дастурлари доирасида 5 та илмий-тадқиқот лойиҳасини амалга оширишга жалб этилган.

Шунингдек, Академияда жиноятчиликнинг келиб чиқиш сабабларини тизимли таҳлил қилиш ва ўрганиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолиятини методик жиҳатдан қўллаб-қувватлаш амалга оширилиб, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини такомиллашитириш соҳасида илмий тавсиялар ишлаб чиқиш мақсадида жиноятчилик ҳолатини тизимли мониторинг қилиш механизмлари жорий этилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?