Кўп қаватли уйларни бошқариш соҳасидаги ислоҳотлар самараси қандай?

17:51 24 Ноябрь 2022 Жамият
324 0

Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан кўп қаватли уйларни бошқариш соҳасидаги ислоҳотларга бағишланган пресс-тур ташкил этилди.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсади аҳоли фаровонлиги, турмуш даражаси ва сифатини оширишга йўналтирилган. Ислоҳотларнинг асосий мақсади аҳоли учун муносиб ҳаёт даражаси ҳамда сифатини таъминлашдан иборатдир.

Маълумки, аҳоли турмуш даражаси ва сифатини яхшилашда коммунал хизматлар соҳасининг ўрни жуда катта. Бу соҳа фаолиятини тўғри ташкил этиш ва самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор беришни талаб этади.

Президентимизнинг 2022 йил 4 августдаги “Кўп квартирали уйларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш ва бошқарувчи ташкилотларни молиявий соғломлаштириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори кўп қаватли уйларни бошқариш соҳасини такомиллаштириш, хусусан кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатувчи бошқарув ташкилотларини қўллаб-қувватлашни назарда тутади.

Бугунги кунда республика бўйича жами 39 691 та кўп квартирали уй мавжуд бўлиб, шундан 35 773 та кўп квартирали уй 708 та бошқарув компанияси, 1 579 та кўп квартирали уй 329 та уй-жой мулкдорлари ширкати, 809 та кўп квартирали уй бошқа ташкилотлар, 765 та кўп квартирали уй ўз-ўзини бошқариш йўли билан бошқариб келинмоқда.

Биргина Тошкент шаҳрида 509 мингдан зиёд хонадондан иборат 10 813 та кўп квартирали уй мавжуд бўлиб, уларга 267 та бошқарувчи компания ҳамда 102 та молиявий ҳолати яхши уй-жой мулкдорлари ширкатлари хизмат кўрсатади. 10 078 та кўп квартирали уй бошқарув компаниялари томонидан, 310 таси ширкатлар томонидан, 392 таси эса бевосита мулкдорлар томонидан бошқарилади. Кўп квартирали уйларнинг 33 таси бошқа ташкилотлар балансидаги уйлар ҳисобланади.

Шунингдек, муаммоли кредитлари мавжуд бўлмаган ва барқарор ишлаётган ширкатлар фаолиятига ҳеч ким аралаша олмайди. Зеро, бугунги кунда кредит олмасдан фаолият юритаётган 167 та ширкат мавжуд ва уларнинг фаолияти аҳолини қониқтириб келмоқда.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан кўп квартирали уй-жойларни бошқариш тизимини такомиллаштириш, бошқариш органларини қўллаб-қувватлаш ҳамда кўп квартирали уйлардаги умумий мол-мулкни сақлаш ва таъмирлаш, уларга туташ ер участкаларини аниқ белгилаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Биргина 2021-2022 йилларда республикада 700 дан ортиқ бошқарувчи ташкилотлари фаолияти йўлга қўйилди. Улар томонидан уйларни таъмирлаш, ҳудуднинг инфратузилмасини яхшилашга жорий йилда 150 млрд. сўмдан ортиқ маблағлар сарфланди.

Маълумот учун: 2020 йилга қадар кўп кваритрали уйларни бошқариш соҳасида бозор муносабатлари мавжуд бўлмаган. Уйлар асосан, ширкатлар – нотижорат ташкилотлар томонидан бошқарилган.

Шунингдек, бошқарувчи ташкилотлар томонидан жами 35 млрд сўмлик зарур моддик-техника ва ускуналар харид қилинган. Бунда, 115 та Дамас (лабо), 23 та самосвал, 2 та автокран, 16 та трактор (погрузчик), 250 та мотороллер, 6 000 та турли хил асбоб-ускуналар тўплами мавжуд.

Соҳадаги ташкилотларнинг моддий - техника базасини такомиллаштириш, ходимларнинг ойлик иш ҳақи ва малакасини босқичма – босқич ошириш борасида яратилган шароит ва имкониятларга қарамасдан тизимдаги ходимлар томонидан коррупциявий жиноятларни содир этиш ҳолатлари кузатилмокда.

Тизимда фаолият юритувчи 19 нафар ходимга нисбатан коррупциявий жиноят содир қилганликлари учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан жиноят иши қўзғатилган. Шундан 9 таси уй-жой мулкдорлари ширкати тизимида фаолият олиб борган.

Ҳудудлар кесимида кўп квартирали уйларни бошқариш органлари вакилларига нисбатан қўзғатилган жиноят ишларининг асосий кўрсаткичи Тошкент шаҳрига тўғри келмоқда

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан ишга туширилган “Менинг уйим” биллинг тизими бошқарув органларининг ягона, очиқ электрон маълумотлар базасини шакллантириш, мулкдолар маблағидан самарали ва мақсадли фойдаланишни таъминлаш, кўрсатилаётган хизматларнинг сифатини ошириш, уларнинг талаб ва меъёрларга амал қилинишини назорат қилади.

“Менинг уйим” биллинг тизимида бугунги кунга қадар тизимда жами 1,2 млн.дан зиёд абонент маълумотлари шакллантирилди. Шундан 486 мингтаси Тошкент шаҳри, қолган 731 мингтаси эса бошқа ҳудудлар абонентларини ташкил этади. Бунда хонадонлар мулкдорларга бошқариш органлари томонидан амалга оширилган ишлар тўғрисида ҳисоботлар электрон шаклда ва онлайн режимида тақдим этилмоқда.

Шунингдек, биллинг тизими “Электрон ҳукумат” идоралараро интеграциялашган платформаси, кўп квартирали уй-жойларнинг хонадонлари ҳақида маълумотлар базасини автоматик шакллантириш бўйича кўчмас мулк объектларининг кадастр рақамлари, ягона манзиллар реестри, мулкдорларнинг қарздорлигини нотариал идоралари томонидан текшириш учун Адлия вазирлигининг маълумотлар базалари ҳамда Марказий банкнинг клиринг “МУНИС” тизимига интеграция қилинган.

“Менинг уйим” биллинг тизими орқали жорий йил бошидан бугунги кунга қадар жами 194 млрд. сўм пул маблағи келиб тушган.

Пресс-тур доирасида иккита бошқарув сервис компанияси фаолияти билан танишди.

Жумладан, “Universal new forever” бошқарув компанияси жорий йил ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда Сергели тумани “Эзгулик”, “Зийнат” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган 34 та кўп қаватли уйга хизмат кўрсатиб келади.

Мазкур бошқарув компанияси 4 та ўзини оқламаган ширкат ўрнида ташкил этилган бўлиб, ўз ҳисобидан соҳага 2,5 млрд сўм миқдорида инвестиция маблағи киритган. 32 та иш ўрнига эга компания 16 турдаги моддий техникасига эга. Шунингдек, аҳолига 25 дан ортиқ қўшимча сервис хизмат турларини кўрсатиб келади. 24/7 иш режимидаги авария-диспетчерлик хизмати мавжуд.

Бундан ташқари, пресс-тур иштирокчилари “Юксалиш” бошқарув компанияси иши билан танишди. Мазкур компания ҳам жорий йил ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда Яшнобод тумани 2-3 сектор ҳудудида жойлашган 180 дан ортиқ кўп қаватли уйга хизмат кўрсатиб келади. Мазкур бошқарув компанияси 12 та ширкат ўрнида ташкил этилган бўлиб, ўз ҳисобидан соҳага 2,3 млрд. сўм миқдорида инвестиция маблағи киритган. 94 та иш ўрнига эга компания аҳолига 28 та қўшимча сервис хизмат турларини кўрсатиб келади. 24/7 иш режимидаги авария-диспетчерлик хизмати мавжуд.

Пресс-тур давомида журналистлар соҳада олиб борилаётган ишлар хусусида батафсил маълумотларга эга бўлишди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер