Конституциявий қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар — депутатлар муҳокамасида

15:24 24 Ноябрь 2022 Сиёсат
305 0

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтмоқда. Унда “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси якунлари асосида Конституциявий қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар муҳокама қилинмоқда.

Кун тартибидаги масала юзасидан парламент қуйи палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Ж.Ширинов ахборот беряпти.

Таъкидланганидек, Асосий қонун ижтимоий-сиёсий ҳаётимизнинг ҳуқуқий асоси бўлиб, у озод ва суверен давлатнинг ҳуқуқий асосини яратиш билан бирга, жамиятимизнинг ҳуқуқий тараққиётида янги даврни бошлаб берди. Ўтган даврда Конституциямизга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар аҳоли фаровонлигини янада оширишда, давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама ривожланишида ва ҳаётнинг барча соҳаларини либераллаштиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Халқимиз билан бамаслаҳат ишлаб чиқилган келгуси беш йилликнинг бош муҳим ҳужжати — Тараққиёт стратегиясида белгиланган халқпарвар давлатни барпо этиш, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, қадр-қимматини янада самарали таъминлаш каби мақсадлар мамлакатимиздаги туб ислоҳотларга мос янги конституциявий-ҳуқуқий маконни яратиш заруратини юзага келтирди.

Шундан келиб чиқиб, Конституциявий ислоҳотларни ўтказиш билан боғлиқ ишларнинг самарали ва пухта амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифларни шакллантириш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича Конституциявий комиссия тузилди ва мамлакатда амалга оширилаётган сиёсий жараёнда ҳар бир фуқаронинг ўз фикр-мулоҳаларини, таклифларини билдириши учун барча қулайликлар яратиб берилди.

Хусусан, депутатлар томонидан ҳудудларга чиқилган ҳолда давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда фуқаролар иштирокида қатор учрашувлар ташкил этилиб, конституциявий ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка тушунтириш ишлари олиб борилди.

Умумхалқ муҳокамаси давомида Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан аҳолидан ҳамда фуқаролик жамияти институтларидан жами 150 мингдан ортиқ таклиф ва фикр-мулоҳаза келиб тушган бўлиб, уларнинг катта қисми ўрганилди ва Конституциявий қонун лойиҳасида ўз аксини топмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?