Конституциявий қонун лойиҳаси сиёсий партияларнинг нуфузи ошишига хизмат қилади
Жорий йилнинг 23 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама этилди.
Таъкидланганидек, янги таҳрирдаги Конституциямизда миллий давлатчилик тараққиётининг муҳим босқичида давлат ва жамиятни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгиланиб, сиёсий-ҳуқуқий асослари мустаҳкамлаб қўйилди. Муҳокама қилинаётган Конституциявий қонун лойиҳаси ҳам мамлакатимизда амалга оширилаётган Конституциявий ислоҳотларнинг узвий давомидир.
Сўнгги йилларда ўтказилган сайловларда тўпланган тажрибалар, замонавий халқаро сайлов стандартлари ҳамда илғор хорижий мамлакатларнинг бу борадаги амалиётини ҳисобга олган ҳолда тайёрланган мазкур лойиҳа миллий сайлов тизимининг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштирилишидаги муҳим тарихий воқеаликдир.
Депутатлар ташаббуси билан ишлаб чиқилган мазкур қонун лойиҳаси билан Қонунчилик палатаси депутатларини шакллантиришнинг аралаш сайлов тизими асосида, яъни мажоритар-пропорционал шаклида ўтказиш таклиф қилинмоқда. Қолаверса, қонун лойиҳаси билан сайлов қонунчиликларидаги ҳаволаки нормалар аниқлаштирилмоқда.
Муҳокамаларда қайд этилганидек, биринчи ўқишда қабул қилинган қонун лойиҳасининг матни жамоатчилик муҳокамаси учун Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг расмий веб-сайтига жойлаштирилганлиги унинг жамоатчилик фикри асосида иккинчи ўқишга янада такомиллаштирилишига имконият яратди. Масъул қўмита томонидан Конституциявий қонун лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамаси давомида келиб тушган таклиф ва мулоҳазаларни ҳисобга олиш, умумлаштириш, ўрганиш ҳамда таҳлил қилиш бўйича ишлари юзасидан бир қатор семинарлар ва ишчи гуруҳ йиғилишлари ўтказилди.
— Конститутсиявий қонун лойиҳаси билан бир мандатли сайлов округларида бошқа номзодларга нисбатан кўпроқ овоз олган депутатликка номзод сайланган, деб ҳисобланиши белгиланмоқда, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Носиржон Аминов. — Яъни мутлақ кўпчилик эмас, балки нисбий кўпчилик овози билан депутатлар сайланиши назарда тутилмоқда.
Фракция аъзоларининг фикрича, Конституциявий қонун лойиҳасининг қабул қилиниши референдум ва сайлов тўғрисидаги қонунчилик янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлаштирилади, Қонунчилик палатаси депутатлари корпусини шакллантиришнинг мажоритар-пропорционал шаклига асосланган сайлов тизими жорий этилишининг ҳуқуқий асослари яратилади. Шунингдек, сиёсий партияларнинг нуфузи ошишига хизмат қилади.
Қизғин муҳокамалар натижасидан қонун лойиҳаси халқ вакиллари томонидан маъқулланди.
Йиғилишда кун тартибига киритилган масалалар атрофлича кўриб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилинди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- «Олтин куз» II Халқаро камер ва симфоник мусиқа фестивали бўлиб ўтади
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг