Конституциявий комиссия раиси БМТ Бош Aссамблеяси раиси билан учрашди

21:13 04 Август 2022 Сиёсат
763 0

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Конституциявий комиссия раиси A.Саидов Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йорк шаҳридаги бош қароргоҳида БМТ Бош Aссамблеяси раиси A.Шаҳид билан учрашди.

Бош Aссамблея раиси ташриф учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон, Президент Ш.М.Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотлар ҳақида ижобий фикрлар билдирди.

A.Шаҳид Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳот, мамлакат конституциявий қонун ижодкорлиги тажрибасининг ўзига хослиги, жамиятни янада модернизация қилишдаги аҳамияти ҳақида тақдим этилган батафсил маълумотларни катта эътибор ва қизиқиш билан қабул қилди.

– Амалга оширилаётган улкан ишлар ва эришилаётган ютуқлар учун буюк мамлакат бўлмиш Ўзбекистонга, унинг халқи ва раҳбариятига ҳурмат-эҳтиромимни билдираман. Биз Бирлашган Миллатлар Ташкилотида сизга ҳар қандай йўл билан ёрдам беришга тайёрмиз, – деди БМТ Бош Aссамблеяси раиси.

Конституциявий ислоҳотнинг мазмун-моҳиятига тўхталар экан, A.Шаҳид Ўзбекистон Бош Қомусига таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) билан ҳамоҳанг бўлган қатор муҳим вазифалар устуворлигини белгилаб берганини юксак баҳолади.

Шу нуқтаи назардан, у Ўзбекистон парламенти ва ҳукуматининг давлат миқёсида БРМга эришиш бўйича изчил саъй-ҳаракатларини, шунингдек, мамлакат раҳбариятининг БМТ Бош Aссамблеяси БРМни амалга ошириш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда аъзо давлатларнинг қонун чиқарувчи органлари ролини ошириш бўйича резолюциясини қабул қилиш ташаббусини ижобий қабул қилди.

A.Шаҳид умуман бу борадаги парламентлараро ҳамкорликнинг долзарблиги ҳақида гапирар экан, “Бу ерда БМТда амалга оширилаётган ишлар фақат миллий парламентлар орқали ҳаётга тадбиқ этилади, шунинг учун парламентлар аъзолари ўқитилиши ва билим олиши, ҳамкорликни мустаҳкамлаши зарур”лигини таъкидлади.

БМТ Бош Aссамблеяси раиси жорий йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган парламент аёл спикерларининг XIV саммитини олқишлади.

Aбдулла Шаҳид давлатимиз томонидан илгари сурилаётган ёшлар ҳуқуқлари мавзусини ҳам ижобий баҳолади. “Ёшлар ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги ролингиз таҳсинга сазовор. Менимча, биз сиз учун имкониятларни кенгайтиришимиз керак”, – деди у.

Шу нуқтаи назардан, БМТ Бош Aссамблеяси раиси Бош котиб Aнтониу Гутерришнинг БМТда алоҳида Ёшлар идорасини ташкил этиш ташаббусини тилга олди ва бу вазифа унинг жорий йил сентябрь ойида ваколат муддати тугагунига қадар амалга оширилишига ва ёшлар масалалари бўйича ҳамкорлик истиқболлари очилишига умид билдирди.

Сўз якунида A.Шаҳид Ўзбекистон БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашида ўзининг етакчилигини намойиш этаётганини таъкидлаб, унга кенгаш кун тартибида ёшлар масалаларини илгари суришда муваффақиятлар тилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер