Конституцияда оналик ва болалик билан бирга оталик ҳам давлат муҳофазасида бўлиши юзасидан таклиф билдирилди

15:53 17 Июнь 2022 Сиёсат
541 0

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси аъзолари, экспертлар ва фаоллар иштирокида мамлакатимизда амалга оширилаётган Конституциявий ислоҳотларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда ушбу жараёнларда аҳолининг барча қатламлари, жумладан, хотин-қизлар ўз таклиф ва тавсиялари билан иштирок этишлари, Бош Қомусимизнинг чинакам халқчил ҳужжат бўлишига хизмат қилиш алоҳида таъкидланди.

Иштирокчилар мамлакатимизда «Инсон қадри учун» тамойили асосида амалдаги Конституцияга бир қатор қўшимчалар киритиш юзасидан ўз таклифларини билдирди.

Хусусан, вояга етмаганлар, меҳнатга лаёқатсиз ва ёлғиз кексалар билан бирга оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган ва жиноят қурбонлари бўлган хотин-қизларнинг ҳам ҳуқуқлари давлат ҳимоясида бўлишини таъминлаш, давлат хотин-қизлар ва эркаклар ўз ҳуқуқларини амалга оширишда тенг имкониятларни, шунингдек, хотин-қизлар ва эркаклар меҳнатига тенг ҳақ тўлашни кафолатлаш таклифлари билдирилди.

Шунингдек, никоҳ эркак ва аёлнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланиши ҳамда Оналик ва болалик билан бирга оталик ҳам давлат томонидан муҳофаза қилиниши, халқ депутатлари ва маҳаллий Кенгашлари фаолият муддатлари ва ваколатларини янада кенгайтиришга оид ўзгартиш ва қўшимчалар билан тўлдириш бўйича кўплаб таклифлар илгари сурилди.

Ўз навбатида, билдирилган 40 дан ортиқ таклифлар умумлаштирилиб, Конституциявий комиссияга тақдим этилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?